Носоғлом озиқ-овқатда одатда озуқавий моддалар кам ва аксинча шакар, туз ва трансёғлар каби зарарли моддалар миқдори кўп бўлади. Улар диабет, семириш ва юқори қон босими каби касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Энг зарарли овқатланиш сифатида ҳар хил газакларни, “fast food”, газланган ширин ичимликлар ва ярим тайёр маҳсулотларни кўрсатиш мумкин. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, инсонларда овқатланишга бўлган эҳтиёж турли хил, яъни ким учундир зарарли бўлган маҳсулотлар бошқаларга эса аксинча фойдали бўлиши ҳам мумкин.
Қуйида сизларга хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш асосида тайёрланган илмий хулосаларни келтириб ўтамиз.
Истеъмол қилиш учун қулай ва узоқ муддат сақланиши учун қайта ишланган газаклар ва ярим тайёр маҳсулотлар носоғлом овқатларнинг кенг тарқалган турларидан биридир. Ушбу маҳсулотларнинг аксариятида юқори миқдорда туз, ёғ, консервантлар ва баъзиларида натрий глутамати[1] мавжуд бўлиб, улар қон босимининг юқорилигидан азият чекувчи инсонларга ёмон таъсир қилиш мумкин. Ушбу қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларининг аксариятида, одатда транс-ёғли кислоталар ва гидрогенизациялашган ёғлар[2], бўёқлар ёки таъмни кучайтирувчи моддалар мавжуд бўлиб, улар семириб кетиш хавфини ҳамда танада холестерин миқдорини сезиларли даражада ошишига олиб келиши мумкин.
Шунингдек, кўпгина тадқиқотлар кўча “fast food”и ортиқча вазн тўплаш, диабет ва бошқа сурункали касалликларга олиб келишини кўрсатади. Ушбу маҳсулотлар истеъмол учун қулайлиги ва баъзида соғлом озиқ-овқат етишмаслиги сабабли жуда кўп миқдорда истеъмол қилинади.
Шакар миқдори юқори ва бошқа озуқавий моддалари кам бўлган газланган ширин ичимликлар ҳам зарарли бўлиши мумкин бўлган овқатлар рўйхатига киритилган. Ҳисоб-китобларга кўра, газли ичимлик таркибида ўртача 40 грамм шакар мавжуд бўлиб, бу тавсия этилган кунлик шакар истеъмолидан икки баравар кўп дегани. Улар шунингдек, зарарли овқатга мойилликни келтириб чиқариши мумкин ҳисобланади.
Пишириқлар, ёғда пиширилган кулчалар, бошқа қандолат маҳсулотлари ва баъзи мевали хушбўй ичимликлар каби бошқа ширинликларда шакар миқдори кунлик тавсиялардан анча юқори бўлиши кузатилади. Кўп шакар истеъмол қилишнинг салбий таъсирларидан бири бу тананинг инсулин ишлаб чиқариш жараёнини бузилиши ва пировард натижада II-даражали қандли диабет касаллигининг юзага келиши мумкинлигидир.
Ишлаб чиқарувчиларнинг жавобгарлиги
Озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилари доимо истеъмолчининг овқатланишини яхшилашига масъулдирлар ва ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин.
Британиянинг Food Manufacture журналида чоп этилган мақолада келтирилишича, сўровда иштирок этган 9000 истеъмолчининг 1/3 қисми агар кўчада тавсия қилинаётган озиқ-овқатлар соғлом ва фойдали бўлса уйдан ташқарида кўпроқ тановул қилишга тайёр эканликларини айтиб ўтишган.
Хусусан, озиқ-овқат ишлаб чиқариш бозорида истеъмолчиларга соғлом овқатланиш одатини яхшилашга ёрдам бериш муҳим мавзу ҳисобланади. Ишлаб чиқарувчилар бунга маҳсулот турини кенгайтириш ва унинг қадоғида кўрсатиш билан истеъмолчиларни ўз маҳсулотларининг қайси бири соғлом эканлиги тўғрисида хабардор қилиш орқали эришишлари мумкин. Кўпгина ишлаб чиқарувчилар соғлом маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга интилишига қарамай, савдо мажмуалари ҳанузгача зарарли ва қайта ишланган озиқ-овқатлар билан тўлиб-тошган.
Истеъмолчи ёдда тутиши шарт
Бугунги кунда истеъмолчилар соғлом овқатланиш, ўз рационларидан соғлиқ учун зарарли бўлган озиқ-овқатларни чиқариш орқали ортиқча вазн муаммосини ва бошқа касалликларни олдини олишга ҳаракат қилишмоқда.
Ингредиентларнинг брендлардан устун эканлигини тушунингиз лозим. Кўп миқдордаги ҳар хил моддалар билан ишлов берилган маҳсулотларни сотиб олишдан сақланинг. Таркибида консервантлар, бўёқлар ёки сунъий нарсалар бўлган маҳсулотларни харид қилманг.
Баъзи ҳолларда соғлом овқатлар ҳам олдиндан маълум касаллиги мавжуд бўлган инсонлар соғлиғи учун зарарли бўлиши мумкин. Диетолог ёки овқатланиш бўйича мутахассис билан маслаҳатлашиш пархез бўйича чекловларга эга одамлар учун фойдали бўлиши мумкин.
Бу қизиқ!!!
Европалик мутахассисларнинг фикрича[3] ўзига тез ўргатиб олиши мумкин бўлган маҳсулотлар қуйидагилар:
- Пицца – 4,01
- Шоколад – 3.73
- Чипслар – 3.73
- Печенье- 3.71
- Музқаймоқ – 3,68
- Қовурилган картошка – 3,60
- Чизбургер – 3.51
- Кола (шакарли) – 3.29
- Торт – 3.26
- Пишлоқ – 3.22
- Пишган товуқ – 2,97
- Бифштекс – 2,54
- Кекслар – 2.50
[1] Е621 қўшимчаси (monosodium glutamate) “Таъм ва хушбўйликни яхшилайдиганлар” тоифасига киритилган ва “Микробиологик асос”га эга.
[2] Саноатда қайта ишлаш жараёнида маҳсулот тузилишини янада бойитадиган сунъий трансёғлар.
[3] Мичиган университетининг 518 киши орасида ўтказилган тадқиқотига асосланган. Тасниф учун Йель озиқ-овқатга боғлиқлик шкаласи (YFAS) фойдаланилган. (1 – мойил емас, 7 – жуда мойил).
78,473