ИСТЕЪМОЛЧИ ҲУҚУҚИ
САҲИФА ЭКСПЕРТИ: Ботир Шарипов, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бошқарма бошлиғи.
Жорий йилнинг 5 июнь куни Нукус шаҳридаги 22-кичик тумани 8/14 ва 7/4 уйларда яшовчи фуқароларнинг, яъни бизнинг бир қатор маиший техника воситаларимиз: компьютер, музлатгич, телевизор каби жиҳозларимиз трансформаторнинг носозлиги ва электр энергиясининг қуввати ошиб кетиши туфайли ишлатиб бўлмайдиган ҳолатга келди. Аввалига нима қилишни билмадик. Кейин ўзаро келишган ҳолда шаҳар электр таъминоти ташкилотининг ишонч телефонига қўнғироқ қилдик. Лекин ижобий натижа бўлмади. Шундан сўнг маълум вақт ўтгач, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий тузилмасига мурожаат қилдик. Чунки бу ҳолат, яъни маиший техникаларнинг носоз ҳолатга келиши юқорида айтилган манзилдаги ҳар бир хонадонда кузатилган бўлиб, бу жиҳозлар арзон-гаров эмас. Бундан ташқари, нега электрда кузатилган носозлик учун биз жавоб беришимиз ёки қайсидир маънода шунча нарсага “куйиб” қолишимиз керак? Илтимос, бизга ушбу масалада амалий ёрдам беринг.
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри фуқаролари
- Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий тузилмаси томонидан ушбу масала бўйича “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖга истеъмолчиларнинг ишдан чиққан маиший техникани таъмирлаш ёки етказилган зиённи тўлаб бериш орқали истеъмолчиларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича хат чиқарилди. Шунга қарамай, “Қорақалпоқ ҲЭТК” АЖ Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддаси — товар (иш, хизмат) нинг нуқсонлари туфайли етказилган зарар учун мулкий жавобгарлик талабларини бузган ҳолатда электр таъминоти корхонаси ўз жавоб хатида рад этди. Кейинги босқич Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.10.2005 йилдаги 225-сонли қарори билан тасдиқланган “Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 11-бандига асосан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий тузилмасининг махсус комиссияси томонидан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 20-моддаси товар, иш хизматнинг нуқсонлари туфайли етказилган зарар учун мулкий жавобгарлик 1-қисми талаблари бузилганлик ҳолати бўйича “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖга нисбатан иш қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқарилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.10.2005 йилдаги “Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 11-бандига асосан Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси махсус комиссияси томонидан “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖга нисбатан иш қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқарди. Ўз навбатида “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ масъул ходимлари ҳамда “Темир жол” МФЙ раиси жойига чиққан ҳолда аҳоли билан учрашув ташкил этилди. Электр таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчиларнинг барча мурожаатлари тингланиб, истеъмолчиларнинг мурожаатларини ҳал этиш юзасидан зарур чоралар кўрилди. Кўп ўтмай, истеъмолчилар муаммоси ҳал бўлганлиги сабабли ишни кўриб чиқиш тўхтатилди.
МУШТАРИЙЛАРГА МУРОЖААТ
Агар савдо ва хизмат кўрсатувчилар қонунга хилоф равишда ҳуқуқларингизни поймол этишса, республиканинг қайси ҳудудида бўлишингиздан қатъий назар, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва “Даракчи” нашри ҳамкорлигида ташкил этилган “Истеъмолчи ҳуқуқи” лойиҳаси сизга ёрдамга келади. Бунинг учун сиз ҳафтанинг ҳар сешанба куни соат 10:00 дан 16:00 гача газетанинг (+998 95) 194-64-16 ва ҳафтанинг иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 гача Агентликнинг 1159 қисқа рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин. Фақат мурожаат қолдиришдан олдин “Истеъмолчи ҳуқуқи” лойиҳасига дейишни унутманг.
Моҳинур РУСТАМОВА тайёрлади
6,566