Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига истеъмолчилардан молиявий ижароа хизматларини кўрсатувчи фирмалар орқали машина сотиб олиш тўғрисида шикоятли мурожаатлар келиши давом этмоқда. Бугунги кунда кўпчилик янги машина сотиб олиш учун тўлиқ тўловга эга эмас, шу сабабли кейинчалик сотиб олиш шарти билан автотранспорт воситасини ижарага бериш хизматларига мурожаат қилмоқда.
Ўтган йилнинг 13 ноябрь куни “ORIENT AVTO LIZING» МЧЖ билан «Spark» автомашинасини сотиб олиш учун шартнома тузган Хоразм вилояти Урганч шаҳри фуқароси С. С. нинг навбатдаги мурожаати ҳам ана шу муаммо билан боғлиқ бўлди. Унда билдирилишича, шартномада кўрсатилган бандга мувофиқ, истеъмолчи 33 860 минг сўм миқдорида дастлабки пул бўнак (аванс)ни тўлаган. Шартномага асосан автомашинанинг ушбу модели 120 иш куни ичида эгасига етказиб бериладиган бўлди.
Aммо шунга қарамай, автомашина ўз вақтида етказиб берилмайди, уни шартномада кўрсатилганидан кўпроқ вақт кутишга тўғри келади. Истеъмолчи, эндиликда кутишни хоҳламай, дастлабки тўловни қайтариб олишга қарор қилади. Бироқ, компания пулни қайтариб беришни рад этади. Етарлича жавоб берилмагач, С.С. ушбу муаммони ҳал этилишида ёрдам сўраб Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилади.
Агентликнинг Хоразм вилояти ҳудудий тузилмаси ходимларининг кўмагидан сўнг, истеъмолчига асосий тўланган бошланғич бўнак (аванс) қайтарилди. Ўз пулларини қайтариб олишга муваффақ бўлган истеъмолчи хурсанд бўлди ва кўрсатилган ёрдам учун ҳудудий тузилма ходимларига миннатдорчилик билдирди.
8,764