Реклама соҳасидаги ўрганишлар
Айни пайтда мамлакатимизда кучайтирилган карантин жараёнида халқаро ва ички йўналишлар бўйича йўловчи ташиш, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда республикамизнинг вилоят марказларида транспорти воситалари ҳаракатланиши чекланди. Бундан ташқари, аҳолининг эхтиёжсиз кўчага чиқишлари тақиқланди ва уларнинг уй шароитида ҳамда масофадан туриб турли маҳсулот (иш, хизмат)лардан фойдаланишга бўлган талаби ортмоқда.
Ўз навбатида ушбу жараёнда дори воситалари ва тиббий буюмлар, биологик фаол озиқ-овқат қўшимчалари (БАД), етказиб бериш, электрон тўлов тизими, акциялар рекламаларининг сони ошиб бормоқда.
Реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат органи ҳисобланувчи Ўзбекистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мутахассислари томонидан соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларининг тавсиялари асосида ўтказилган ўрганишларда, бу борада реклама берувчи ва тарқатувчилар томонидан амалдаги реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ амал қилмаётганликлари маълум бўлмоқда.
Аксарият реклама воситалари, жумладан ташқи реклама, оммавий
ахборот воситалари, интернет, ижтимоий тармоқлар, телеграм каналлар орқали дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳамда биологик фаол қўшимчалар (БАД) рекламаси кескин фаоллашди.
Жумладан, биологик фаол қўшимчалар рекламаларида “иммунитетни оширади”, “вирусни ўлдиради ёки даволайди”, “умумий қувватни оширади, шамоллаш ва барча инфекцияларга қарши курашишда ишлатилади”, “оғриқ ва чарчоқни бартараф этади”, “самарали восита”, “100% зарарсиз ва фойдали”,
“100% табиий, экологик тоза”, “грипп ва шамоллашда дори ичишни ёқтирмайсизми”, “грипп ва шамоллашни табиий йўл билан бартараф қилинг”, “оилангиз ва ўзингизни вирусли ва бактериал инфекциялардан ҳимоя қилинг”, “грипп ҳамда шамоллашдан холи бўлинг”, “бактериялардан 5 мартагача юқори ҳимоя”, “вирусларнинг имкониятлари нолга тенг”, “бактерияларни 99,9 фоизгача йўқ қилади”, “айнан бизнинг маҳсулотлар вирусларга қарши самарали” ва бошқа шу каби бўрттирувчи ва истеъмолчиларни чалғитувчи иборалар қўлланилмоқда.
Кўпгина рекламаларда биологик фаол қўшимчалар (БАД) простата шамоллаши, аллергик касалликлар, камқонлик, хотира пастлиги, асабийлик
ва шунга ўхшаш даволаш учун комплекс муолажани талаб қиладиган касалликларни тузатиши ёки уни олдини олиши қайд этилмоқда, ваҳоланки бундай касалликларга фақатгина шифокор кўриги ва тегишли таҳлиллар ёрдамида тавсия қилинган дори воситалари билан қарши курашиш мумкин.
Деярли барча рекламаларда ушбу маҳсулотлар истеъмолчининг тасаввурига дори воситаси эканлиги ва у даволаш хусусиятига эга эканлиги сингдирилаётгани ачинарли ҳолдир. Инсон соғлиғи билан боғлиқ бўлган маҳсулотлар ёки биологик фаол қўшимчалар рекламасида бу каби иборларни ишлатилиши, тиббиётда тузалиши қийин бўлган касалликларга даво бўлишини, вирусга қарши таъсири клиник жиҳатдан исботланмаган воситаларни самарали восита эканлигини таъкидлаш давлат ва жамият учун салбий оқибатлар олиб келиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тақдим этган маълумотга асосан (https://www.who.int/ru/emergencies/diseases/novel-coronavirus-2019/ advice-for-public/myth-busters) ҳозирги кунда коронавирус (2019-nCoV) касаллигини профилактика қилувчи ёки даволовчи ягона дори воситаси мавжуд эмас. Бундан келиб чиққан ҳолда барча истеъмолчилар бугунги кунда ўз саломатликларини тиклашга бефарқ бўлмасликлари ва шифокор тавсиясига таянган ҳолда иш тутишлари керак.
Реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат органи ҳисобланувчи Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги коронавирус пандемияси даврида реклама берувчи ва тарқатувчилар томонидан қонунийлик, аниқлик, ишончлилик тамойилларига қатъий амал қилишлари, асоссиз, ҳеч қандай исбот ва далиллар бўлмаган ҳолда ахборот тарқатишни ҳамда дори воситаларига аҳолини ишончини йўқотишга уринишларни тўхтатишлари, рекламадан фойдаланувчиларга зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланган ҳолда фаолият юритишлари ва энг асосийси истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ маълумотларни реклама воситаларида тарқатмасликлари бўйича оммавий ахборот воситалари, телеграм каналлари ва реклама агентликларига эслатма хати юборди.
90,258