Ҳар йили қурилаётган уй-жойларга фуқароларимизнинг қизиқишини тобора ортиб бормоқда. Сизда янги квартирага кўчиб ўтиш истаги пайдо бўлди ва уни сотиб олишга қарор қилдингиз.
Aммо қурилаётган уйдан квартира сотиб олиш ҳар доим қувонч келтирадими? Бунинг учун нима қилиш керак?
Бугунги кунга келиб, улуш киритиш асосида уй-жой қурилишида қатнашишда жиддий муаммоларга дуч келаётган фуқаролар сони ошмоқда. Шу сабабли, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ушбу соҳадаги барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек, ишлаб чиқарувчи ва харидор ўртасида тузилган шартномаларни ўрганиш ва таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонуннинг 8-моддасида:
Истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товарни (иш хизмат)ни эркин сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу шартномага кўра сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.
истеъмолчи сотиб олинган товар (иш, хизмат) сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эга, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) эса, назорат-ўлчов асбобларини, нархга доир ҳужжатларни тақдим этиши, товарни ишлатиб кўрсатиши, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиши, зарурат бўлса, товарни экспертизага юбориши шарт деб кўрсатилган.
Нархнома билан қўйилган товарлар ҳамда товар (иш, хизматлар) ҳақида келувчилар эътиборига ҳавола этиладиган маълумот тегишли шартномани тузиш учун таклиф деб ҳисобланади.
Томонлар ўртасида шартнома нарсаси, миқдор, нарх ва бошқа муҳим шартлар тўғрисида келишувга эришилса, истеъмолчи билан ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ўртасида шартнома тузилган ҳисобланади.
Истеъмолчи сотиб олинган товар (иш, хизмат) сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эга, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) эса, назорат-ўлчов асбобларини, нархга доир ҳужжатларни тақдим этиши, товарни ишлатиб кўрсатиши, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиши, зарурат бўлса, товарни экспертизага юбориши шарт деб кўрсатилган.
Юқоридаги нормадан кўриниб турибдики, турар-жой биносининг улуш киритиш асосида кўп квартирали уйларни қурилишида қатнашувчи томонлар ўртасидаги муносабатлар фақат шартнома асосида амалга оширилади.
Шунга кўра, мазкур шартномада Ўзбекистон Республикаси Президентининг
27.05.2020 йилдаги “Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида” ПҚ-4732-сон қарорининг 18-бандига асосан қурилиш мажмуаси ва қурилиш объекти ҳақидаги маълумотлар (манзили, жойлашган жойи, квартира рақами ва бошқалар), қурилиш объекти майдони ва қиймати, қурилиш объектини улушдорга топшириш муддати ва ҳолати, улушдор томонидан киритиладиган сумма миқдори, ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби, қурилиш-монтаж ишларининг графиги, томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, шартнома бўйича талаблар ҳуқуқларини ўтказиш тартиби, қурилиш объекти эксплуатациясининг кафолат муддати, низоларни ҳал қилиш тартиби ва тарафлар ўртасида келишилган қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар киритилиши белгиланган.
Бундай вазиятда турар-жой биноси улуш киритиш асосида қурилиши тўғрисида шартномалар тузган фуқаролар, юридик шахс шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаган тақдирда, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.05.2020 йилдаги ПҚ-4732-сон қарорида белгиланган барча ҳуқуқий воситалардан тўлиқ фойдаланиш мумкин.
Бундан ташқари, фуқаронинг шахсий ва узоқ муддатли фойдаланиш учун квартирага эҳтиёж мавжудлигини инобатга олган ҳолда, квартира қурилиши сифати қурилиш нормалари ва қоидаларига тўлиқ жавоб бериши ва истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки хавфсизлигини таъминлаши керак.
Бу тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги Қонунининг 20-моддасида бевосита кўрсатиб ўтилган, унга кўра: товар (иш, хизмат)нинг тузилишига, ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар, мосламалар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим деб белгиланган.
“Ижрочи” – юридик шахс томонидан квартиранинг сифати бўйича шартлар бузилган тақдирда, “улушдор” – истеъмолчи, ўз хоҳишига кўра, қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли:
– товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;;
– шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.
Aгар улушдор иш сифатидаги камчиликларни бепул бартараф этишга рози бўлса, у ҳолда бу ҳақда акт тузилиши керак, унда камчиликларни бартараф этишнинг барча муддатлари кўрсатилиши лозим. Таъкидлаш керакки, “истеъмолчи-улушдор”нинг камчиликларни бепул бартараф этиш тўғрисидаги талаблари қондирилиши “ижрочи” – юридик шахсни жавобгарликдан озод этмайди.
Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш жараёнида иштрок этиш тўғрисидаги келишув давомийлигини ва қурилаётган мулкка эгалик қилиш фақат турар-жой биноси фойдаланишга топширилганидан ва зарур ҳужжатлар рўйхатга олиш органлари томонидан рўйхатдан ўтказилгандан сўнг юзага келишини инобатга олинса, ушбу шартномалар бўйича тўловлар одатда бир вақтнинг ўзида амалга оширилмай, томонлар келишувига асосан белгиланган муддатларда амалга оширилади.
Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қурилишда иштирок этиш учун шартнома тузишда қурилиш объектининг ўша кундаги ҳолати ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Объектни фойдаланишга топшириш муддатларини бузилиши хавфи қурилиш босқичларига мутаносиб равишда ошади – қурилиш босқичи қанчалик паст бўлса, турар-жой биносини қуриш муддати билан боғлиқ хавф шунчалик юқори бўлади.
Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қурилишда иштирок этиш тўғрисида шартнома тузишдан олдин, фуқаронинг тўғридан-тўғри қурилиш майдончасига бориши ва қурилишнинг қандай ҳолатда эканлигини ишонч ҳосил қилган ҳолда, бунда пойдевор учун котлован, қайси этажлар қурилгани ва қайси этажлар қурилаётгани, қайси қурувчилар томонидан қурилиш ишлари амалга оширилаётгани ва ким томонидан шартнома тузиш ишларини олиб бораётгани билан танишиш тавсия этилади.
75,535