“Реклама тўғрисида”ги Қонун ва унинг мазмун-моҳияти
Маълумки, жорий йилнинг 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида” янги таҳрирдаги Қонун қабул қилинди ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги эса рекламанинг айланиши соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди.
Сир эмаски, аҳоли бугунги кунда товарларни сотиб олиш ва хизматларга буюртма беришда рекламалардан унумли фойдаланишмоқда. Бунда ташқи рекламалар ва оммалашиб улгурган ижтимоий тармоқлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг роли катта. Аммо баъзи берилаётган рекламаларга аҳолининг эътирозлари билдирилаётган ҳолатлар ҳам бор.
Аслида-чи, берилаётган рекламалар талаб даражасидами? Реклама орқали харид қилинган товарлар сифатлими, улар ўз вақтида етказиб берилаяптими? Ўрнатилган реклама конструкциялари ва унда берилган маълумотлар реклама талабларига мувофиқми?
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Тошкент вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан “Ёшлар маркази”да тадбиркорлар учун янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги Қонун ва унинг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда ҳудудий тузилма раҳбари Ўткир Ҳакимов томонидан реклама бозорини тартибга солиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтилди.
Хусусан, Агентликнинг Тошкент вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан вилоятнинг 22 та туман(шаҳар)лардаги барча турдаги ташқи реклама воситалари (конструкциялари) ишчи гуруҳлар томонидан тўлиқ хатловдан ўтказиш ишлари амалга оширилди. Ўтказилган хатловлар натижасида туман(шаҳар) ҳудудларида жами 1325 та турли ўлчамлардаги ташқи реклама воситалари (конструкциялари) аниқланган. Ўрганишлар натижасида ушбу ташқи реклама воситаларининг 476 таси (36 фоизи) турли ўлчамлардаги шитли конструкциялар бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 104-сонли қарори талабларига мувофиқ ҳолда, 849 таси (64 фоизи) ўзбошимчалик билан мазкур қарор талабларига зид равишда жойлаштирилганлиги аниқланган. Ҳудудий тузилма томонидан реклама борасида юзага келган камчиликлар бартараф этилишига эришилди.
Тадбир қизиқарли савол-жавобларга бой бўлди. Тадбиркорлар юқоридаги каби ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан тўлиқ жавобга эга бўлдилар.
10,966