Қурувчилар уйнинг томига шифер қоқиб бўлганларидан сўнг бир куннинг ўзида қоплама ярим узунаси бўйлаб ёрилиб кетди. Шиферлар ётқизиш ва маҳкамлаб ўрнатиш жараёнида ҳам синиб қолади. Албатта, бу ниҳоятда кўнгилсиз ҳолат. Истеъмолчи қурилиш материаллари бозоридаги “ELYOR COMFORT TRADE” ХКдан 120 дона сотиб олган мазкур шиферларидан 55 таси сифатсиз чиқди.
Шундан сўнг истеъмолчи сифатсиз шиферлар нархини уста хизматлари билан биргаликда сарфланган ҳаражатларни ҳисоблаб чиқди: жами 2 млн 300 минг сўмдан ортиқ маблағ чиқди ва ушбу маблағни қайтариб беришларини талаб қилди. Тадбиркор Элёр Келдиёров етказилган зарарни қоплашдан бош тортди, бунга жавобан айбни қурувчиларга қўйди.
Истеъмолчи тадбиркорга бир неча бор мурожаат қилган, бироқ унинг барча уринишлари самарасиз бўлади.
Истеъмолчи бундай вазиятда қаерга мурожаат қилишини билмай Ўзбекистон Республикаси Президентининиг “Халқ қабулхонаси”га мурожаатини қолдирган.
Мазкур мурожаат Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Жиззах вилояти ҳудудий тузилмаси ходимлари томонидарн кўриб чиқилди.Мурожаатларнинг барча тафсилотларини ўрганиб чиқиш мақсадида қурилиш майдонини кўздан кечирган ходимлар истеъмолчининг талаблари асосли эканлигига ишонч ҳосил қилишди. “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда нуқсонли бўлган маҳсулотни сотиб олган шахсга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини берувчи 5 та вариант борлиги айтилган. Бу товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш,товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш,товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш,харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш ва шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплашдан иборатдир.
Тадбиркорга ҳам қонун талаби тушунтирилиб, тез орада масала истеъмолчи фойдасига ҳал бўлди.
Ҳурматли истеъмолчилар, сизнинг ҳуқуқларингиз қонун билан ҳимояланганлигини унутманг.
6,969