Суғурта нима ва унинг қандай турлари мавжуд?
“Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ суғурта деганда юридик ёки жисмоний шахслар тўлайдиган суғурта мукофотларидан шунингдек, суғурталовчининг бошқа маблағларидан шакллантириладиган пул фондлари ҳисобидан муайян воқеа (суғурта ҳодисаси) юз берганда ушбу шахсларга суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш йўли билан уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш тушунилади.
Мажбурийми ёки ихтиёрийми?
Суғурта хизматининг икки шакли мавжуд – мажбурий ва ихтиёрий. Қонунда кўрсатилган шахсларга суғурта қилувчилар сифатида бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкини ёхуд ўзининг бошқа шахслар олдидаги фуқаролик жавобгарлигини ўз ҳисобидан ёхуд манфаатдор шахслар ҳисобидан суғурта қилиш (мажбурий суғурта) мажбурияти қонун билан юкланган ҳолларда суғурта ушбу бобнинг қоидаларига мувофиқ шартномалар тузиш йўли билан амалга оширилади. Мажбурий суғуртада суғурта қилдирувчи суғурталовчи билан суғуртанинг ушбу турини тартибга соладиган қонун ҳужжатларида назарда тутилган шартларда шартнома тузиши шарт. (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 914-моддаси).
Суғурталашнинг афзалликлари нимада?
Истеъмолчиларда “суғуртанинг афзалликлари нимада?” деган савол туғилиши табиий ҳол. Бундай ҳимоянинг асосий мақсади суғурта ҳодисалари сифатида талқин қилинадиган баъзи салбий ҳодисалар оқибатларини минималлаштиришдир.
Шуни таъкидлаш жоизки, мулкий суғурта шартномасига мувофиқ бир тараф (суғурталовчи) шартномада шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига шартномада назарда тутилган воқеа (суғурта ҳодисаси) содир бўлганда бошқа тарафга (суғурта қилдирувчига) ёки шартнома қайси шахснинг фойдасига тузилган бўлса, ўша шахсга (наф олувчига) бу ҳодиса оқибатида суғурталанган мулкка етказилган зарарни ёхуд суғурталанувчининг бошқа мулкий манфаатлари билан боғлиқ зарарни шартномада белгиланган сумма (суғурта пули) доирасида тўлаш (суғурта товони тўлаш) мажбуриятини олади.
Ўзбекистонда суғурта фаолияти
Истеъмолчиларнинг суғурталовчиларга бўлган қизиқиши автомобиль эгалари учун жавобгарликни мажбурий суғурталаш жорий қилинган 2008 йилда сезиларли даражада ошди. Бундан ташқари, давлат маълум чораларни кўриш орқали суғурта хизматларининг сотиб олиш қобилиятини кенгайтирди.
2020 йил ярим йиллиги давомида суғурта ташкилотлари сони 36га тенг бўлди.
Тузилган шартномалар сони 6 965 547 донага етди, шундан 350 425 та шартнома ҳаётни суғурталаш билан боғлиқ.
Жорий йилнинг 6 ойида суғурта мукофотлари тушуми 1015,6 миллиард сўмни ташкил этди, шундан 162,3 таси ҳаётни суғурталашга тегишли. Суғурта тўловлари миқдори 340,9 миллиард сўмни ташкил этди, уларнинг деярли ярми ҳаётни суғурталашга тўғри келади.
(манбаа: https://mf.uz/uz/?option=com_content&view=article&id=229)
Суғурта шартномаларини тузиш ва суғурта тўловларини тўлаш тартиби (суғурта суммалари).
Суғурта шартномасини тузишнинг анъанавий тартиби қуйидагича: суғурта қилдирувчи суғурта аризаси билан суғурталовчига мурожаат қилади. Суғурталовчи ўз навбатида ягона ҳужжат сифатида шартнома лойиҳасини ёки суғурта полисини, масалан, гувоҳнома ёки квитанцияни тузади ва полисни имзолайди. Кейин, биринчи ҳолда, томонлар шартнома имзолайдилар, иккинчи ҳолда, суғурталовчи полисни суғурта қилдирувчига топширади.
Суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари
Суғурта шартномасини тузиш – бу суғурта қилдирувчи ҳар куни ҳам бажармайдиган жараён. Шунинг учун суғурталовчи компанияни тўғри таннлаш жуда муҳим.
- Сиз билан шартнома тузаётган суғурта компанияси белгиланган шаклдаги давлат лицензиясига эга эканлигига ишонч ҳосил қилинг. Суғурталовчилар ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилади.
- Суғурта компаниялари рейтингини ўрганинг. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида суғурта компанияларини баҳолаш ва уларнинг рейтингини аниқлашга ихтисослашган иккита компания мавжуд бўлиб, улар “SAIPRO” ва “Aхбор Рейтинг” банклараро рейтинг компанияларидир. Шунингдек, рейтинглар Ўзбекистондаги янгиликлар сайтларида ҳам эълон қилинади. Рейтингни ўрганиб, малакали мутахассисларнинг фикрига асосланиб, суғурталовчини танлаш масаласини ўзингиз ҳал қилишингиз мумкин. Устав капитали ва захира фондининг ҳажми, компаниянинг ўз маблағлари, шунингдек қайта суғурталашнинг мавжудлиги муҳим мезонлар деб ҳисобланади.
- Компания вакилидан суғурта полисини қоидаларини ўрганиб чиқишни талаб қилинг. Сиз тузган суғурта шартномаси ушбу қоидаларга мувофиқ бўлиши керак. Сиз учун тушунарсиз бўлиб туюладиган қоидаларнинг барча бандларини суғурта компаниясининг вакили билан текшириб чиқинг.
- Тузилган суғурта шартномаси суғурта полиси томонидан тасдиқланиши керак. Ушбу ҳужжат сизга суғурта мукофоти тўланганидан кейин берилади. Суғурта полисининг тескари томонида шартномада расмийлаштирилган суғурта ҳуқуқий муносабатларига нисбатан сизнинг ҳуқуқларингиз ва мажбуриятларингиз кўрсатилган. Aгар суғурта компанияси сизга суғурта фаолияти учун давлат лицензиясини кўрсатишдан бош тортса ёки суғурта полисини расмийлаштирмаса, у ҳолда сиз битимни бажаришдан бош тортишингиз керак.
- Суғурта бозори учун одатдагидан кескин фарқ қиладиган ҳаддан ташқари жозибали таклифларга учманг. Суғурталашнинг асосий мақсади мижозларга хизмат кўрсатишдир ва суғуртанинг арзонлиги компаниянинг тўловлар билан боғлиқ муаммоларини яшириши мумкин. Суғурта хизматларини рақобатчилардан анча арзонроқ тақдим этадиган компанияларга эътибор беринг. Aрзон нархларнинг сабабини ва энг муҳими, улар сизга қандай тўлов кафолатларини тақдим этиши мумкинлигини аниқлашга ҳаракат қилинг.
- Компаниянинг бозордаги обрўси тўғрисида маълумот олиш учун суғурта қилганларга мурожат этинг. Бозор лидерлари таниқли бўлиб, уларнинг мижозлари кўп ва уларни танишларингиз орасида ҳам учратишингиз мумкин. Таниқли, йирик, барқарор, тажрибали компанияни танланг.
- Суғурта полисини ва суғурта шартномаси билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни ишончли жойда сақланг. Aгар суғурта ҳодисаси юз берса, уларни кўрсатинг. Шартномада белгиланган муддатларда суғурта шартномасида кўрсатилган барча муҳим ҳолатларнинг ўзгариши тўғрисида суғурталовчига хабар беринг. Бу келажакда тушунмовчиликларга дуч келмаслик учун муҳим.
Иштирокчиларнинг суғурта муносабатларидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги 1060-сонли қарори асосида ташкил этилган ва суғурта бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш бўйича ваколатли давлат органи бўлиб, суғурта муносабатларининг барча иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайди.
Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
суғурта хизматлари истеъмолчилари ва суғурта муносабатларининг бошқа иштирокчилари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, аҳолининг суғурта бозорига ишончини оширишга ва жамиятда суғурта маданиятини ривожлантиришга кўмаклашиш;
суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан аҳоли ўртасида суғурта хизматларидан хабардорлик ва фуқароларнинг суғурта саводхонлигини ошириш юзасидан тушунтириш ишлари амалга оширилишини таъминлайди;
оммавий ахборот воситаларида суғурталовчилар томонидан ижтимоий характердаги, шу жумладан, суғуртанинг устунликлари, суғурта товонларини тўлаш тартиби ва суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш ишларини ташкил қилади;
Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича фуқаролар ва юридик шахсларнинг таклифлари, шикоятлари ва сўровларини кўриб чиқади;
Суғурталаш нархи (суғурта тарифлари) қандай аниқланади?
Мажбурий суғурта турлари бўйича суғурта тарифларини белгилашда суғурта компанияси қонун ҳужжатларида белгиланган тариф ставкаларини ҳисобга олади. Ихтиёрий суғурта турлари бўйича суғурта тарифларини белгилашда компания томонидан тасдиқланган тарифлар ҳисобга олинади.
91,419