Жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтаёган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлилидан кўринадики, кейинги йилларда «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларида муҳим аҳамиятга эгадир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан «Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан ишлаб чиқилган еттита устувор йўналиш белгилаб қўйилди. Инсон қадрини улуғлашга йўналтирилган ҳамда тасдиқланган Тараққиёт стратегиясининг ижтимоий ҳимоя сиёсати бўйича белгиланган вазифалар доирасида ижтимоий суғурта тизимини яратиш вазифаси жуда муҳим ўрин тутади.
Ижтимоий ҳаётдаги барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётга инвестициялар жалб қилиш учун сезиларли манбаларни шакллантириш, инвестиция хатарларини юмшатиш, тадбиркорлик таваккалчилиги оқибатларини бартараф этиш, халқаро муносабатлардаги савдо, туризм ва бошқа жараёнларда юзага келадиган хатарларни бартараф этиш суғурта фаолиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу ўринда, суғурта фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида амал қилаётган “Суғурта фаолияти тўғрисида” Қонун юзасидан фикр юритсак.
Мазкур Қонун 10 та боб, 72 та моддадан иборат бўлиб, унда суғурта объектлари, суғурта фаолиятининг субъектлари, суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари ва ҳ.к. ибора ва терминларига тўлиқ тушунчалар берилган. Хусусан, Қонуннинг 11-моддасида “суғурта объектлари” тушунчасига таърифлар берилган. Жумладан:
жисмоний шахсларнинг маълум бир ёшгача ёки муддатгача яшаши ёхуд жисмоний шахсларнинг ҳаётида бошқа воқеалар юз бериши, шунингдек уларнинг ўлими билан боғлиқ мулкий манфаатлар ёки жисмоний шахсларнинг соғлиғига зарар етказилиши, шунингдек бахтсиз ҳодиса ёки касаллик натижасида уларнинг ўлими билан боғлиқ мулкий манфаатлар ҳаётни суғурта қилиш объектлари бўлиши мумкин;
тиббий хизматлар (тиббий ёрдам, дори-дармонлар билан таъминлаш) ҳамда бошқа хизматлар ташкил этилишини ва кўрсатилишини талаб этаётган шахс соғлиғининг ёки ҳолатининг бузилиши оқибатида бундай хизматларни ташкил этиш ва кўрсатиш учун, шунингдек шахснинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган таҳдидлар даражасини камайтирадиган ва (ёки) уларни бартараф этадиган профилактика тадбирларини ўтказиш учун ҳақ тўлаш билан боғлиқ мулкий манфаатлар тиббий суғурта объектлари бўлиши мумкин;
мол-мулкнинг йўқотилиши (нобуд бўлиши), камомади ёки шикастланиши таваккалчилиги билан боғлиқ мулкий манфаатлар мол-мулкни суғурта қилиш объектлари бўлиши мумкин.
суғурта қилдирувчининг (суғурталанган шахснинг) даромадлар ололмаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг кутилмаган харажатлари юзага келиши таваккалчилиги билан боғлиқ мулкий манфаатлари мулкий суғуртада молиявий таваккалчиликларни суғурта қилиш объектлари бўлиши мумкин.
тадбиркорнинг контрагентлари томонидан ўз мажбуриятлари бажарилмаганлиги сабабли тадбиркорлик фаолиятидан зарарлар юзага келиши ёки тадбиркорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра ушбу фаолиятнинг шартлари ўзгариши таваккалчилиги, шу жумладан кутилаётган даромадларни ололмаслик таваккалчилиги билан боғлиқ мулкий манфаатлар тадбиркорлик таваккалчиликларини суғурта қилиш объектлари бўлиши мумкин.
Қуйидагилар билан боғлиқ бўлган мулкий манфаатлар фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш объектлари бўлиши мумкин:
жисмоний шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига, юридик шахсларнинг, давлатнинг мол-мулкига зарар етказганлик учун жавобгарлик юзага келиши таваккалчилиги;
шартнома шартларини бузганлик учун жавобгарлик юзага келиши таваккалчилиги.
Таъкидлаш жоизки, миллий иқтисодиётимизда суғурта ҳамда бошқа молиявий хизматларнинг ҳажмини уларнинг янги турларини жорий қилиш ва сифатини ошириш ҳисобидан кенгайтириш, аҳолининг эркин ресурсларини жойлаштириш ва суғурта орқали пул маблағларининг жамланиши (аккумуляция) кучли инвестиция манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари суғурта фаолиятининг субъектларидир.
Суғурталовчилар, суғурта воситачилари, аджастерлар, актуарийлар, суғурта сюрвейерлари, ассистанс суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларидир.
Суғурта брокери, қайта суғурта брокери ва суғурта агенти суғурта воситачиларидир.
Қонуннинг 2-бобида суғурта фаолиятини ташкил этиш, жумладан суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ёритиб берилган.
Суғурта назарияси ва амалиёти – суғуртанинг назарий асосларини классик ва замондош иқтисодчилар қарашларига таянган ҳолда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида юзага келадиган турли хил ҳодисаларни олдини олишда хизмат қилади.
Ҳозирги кунда суғурта назариясида қўлланилмайдиган ёки татбиқ этилмайдиган соҳага бирор-бир мисол келтириш амри маҳол. У тобора кўплаб фанларнинг назарий ва тадқиқий изланишларида универсал воситага айланиб бўлди.
Шуниси аҳамиятлики, суғурта бозори юртимиз иқтисодий барқароролигининг муҳим асоси бўлиб, унинг ривожланишидан ҳар бир истеъмолчи манфаатдор ҳисобланади. Суғурта бозоридаги янгиланишлар ва қонунчилик ҳужжатларининг такомиллашуви суғурта хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эгадир. Шубҳасиз, миллий иқтисодиётимизда суғурта ташкилотлари ўртасида соғлом рақобатни вужудга келтиради.
39,435