Ҳадемай бошланган йил якунланади.Олдинда янги йил ва уни барча хурсандчилик билан кутиб олишга ҳаракат қилишади. Янги йил байрами учун кўпчилик ўз яқинларига совға олишни хоҳлайди.Қандай совға олиш,сифатли маҳсулотларни қаердан сотиб олиш мумкин,деб бош қотира бошлашади.Айниқса,кичик маиший техника воситаларидан совға қилиш режалаштирилган бўлса…
Хўш, маиший техника воситаларини харид қилишда нималарга эътибор бериш керак?
Бугунги кунда техника товарларини бозорлардан, дўконлардан ёки интернетдан фойдаланган ҳолда электрон тарзда харид қилиш мумкин. Масалан, совға учун ошхона буюмларидан комбайн, шарбат чиқариш ускунаси, кофе майдалагич, микротўлқинли печлар, шунингдек, уяли телефон воситаси, соч қуритгич ва текислаш товарлари. Танланган товар дастлаб сотувчи томонидан электр токига уланган ҳолда текширилади, ундан қандай фойдаланиш кераклиги ҳақида тегишли тавсия берилади. Истеъмолчи ҳар доим харид қилаётган товари ҳақида тўлиқ маълумот олгани ўзи учун фойдали. Сабаби байрам арафасида сотувчиларнинг қўли қўлига тегмайди, харидорлар ҳам шоша-пиша товарларни сотиб олаверишлари мумкин. Лекин шунга қарамай ҳар бир харидор маиший техника товарлари қайси давлатга тегишли эканлиги, ишлаб чиқарувчи корхонанинг номи, юридик манзили, алоқа учун телефон рақамларини ҳам билиб қўйиши шарт. Харид сўнггида албатта, кафолат муддати талони ҳамда назорат касса чекини олишни ҳам эсдан чиқармаслиги зарур.
Яхши ниятлар билан совға сифатида харид қилинган маиший товарларнинг носозлиги маълум бўлиб қолса-чи?
Фойдаланиш жараёнида қаттиқ шовқин чиқарса, ўчириб-ёқиш тугмалари ишламаса, тезда қизиб кетса… Албатта, бундай товарлар нафақат сифатсиз, балки хавфли ҳам ҳисобланади. Бундан ташқари, товарнинг айнан шу бренди остидаги қалбаки маҳсулот ҳам бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддасига мувофиқ, узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати белгилаши лозим. Кафолат муддати товар истеъмолчига сотилган ёки хизмат кўрсатилган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар товар сотилган кунни аниқлашнинг имкони бўлмаса, бу муддат товар ишлаб чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.
Ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати мобайнида товар (хизмат)нинг, шу жумладан, бутловчи буюмларнинг нормал ишлашини (қўлланилишини, улардан фойдаланилишини) таъминлаши шарт.
13-моддасига мувофиқ, кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича олти ой этиб белгиланган.
Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли.
Агар товардан фойдаланилмаган, у шикастланмаган, қадоғи билан қайтарилган бўлса, унинг истеъмол хусусиятлари сақланган ва ушбу сотувчидан сотиб олганлигини тасдиқловчи асослар бўлса, истеъмолчининг товарни алмаштириш ёхуд қайтариб олиш ҳақидаги талаби қаноатлантирилиши лозим.
Агар тарафларнинг келишувида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, истеъмолчи томонидан тўланган пул суммасини унга қайтариш товар учун ҳақ тўлаш қандай шаклда амалга оширилган бўлса, худди шундай шаклда амалга оширилади.
Алмаштириб олиш тартиби ва алмаштириб берилмайдиган товарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасдиқлайдиган қоидалар билан белгиланади.
(Маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан Чакана савдо қидаларинг 1-иловаси Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхатининг 11-бандига кўра, Кафолат муддатлари белгиланган техник жиҳатдан мураккаб маиший товарлар (металл қирқувчи ва ёғочга ишлов берувчи маиший дастгоҳлар; маиший электр машиналари ва маиший электр приборлари; маиший радиоэлектрон аппарат; маиший ҳисоблаш ва кўпайтириш техникаси; фото ва киноаппаратлар; телефон аппаратлари ва факсимиль аппарати; электр мусиқа асбоблари; электрон ўйинчоқлар).
Юқоридагилардан келиб чиқиб, маиший техника воситаларини совға учун ёки бошқа мақсадларда харид қилишда кафолат муддатига, ишлаб чиқарувчининг республика ҳудудларида сервис марказлари борлигига, энг асосийси мувофиқлик сертификати борлигига, фойдаланиш шартлари ва маҳсулотнинг техник паспорти давлат тилида эканлигига эътибор қаратиш шартдир!
54,921