Мустаҳкам уй-жойларни қуришда қурилиш молларининг сифати, айниқса ғиштнинг сифати жудаям муҳим.
Жиззах вилояти Арнасой тумани, “Олтин водий” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Жиззах вилояти ҳудудий тузилмасига ғишт маҳсулотининг сифатсизлигидан шикоят қилиб мурожаат қолдирган.
Мурожаат бўйича вазият истеъмолчининг хонадонида ўрганилди. Истеъмолчининг гапларига кўра, 16 млн сўмга яқин 13 минг дона ғишт маҳсулотини тумандаги “Labernum-stroy” МЧЖдан сотиб олган. Аммо шу орадаёққан ёмғирдан сўнг қурилиш учун сотиб олинган ғиштлар битта-биттадан майдаланиб, сифатсиз ҳолга келган. Бу ҳақда истеъмолчи сотувчига мурожаат қилган, лекин натижа чиқмади. Сотувчининг жавоби битта бўлди – ғиштнинг майдаланишига об-ҳавонинг ўзгариши сабаб бўлган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг: 11-моддасига мувофиқ, узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати белгилаши лозим.
13-моддасига мувофиқ, кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича олти ой мобайнида аниқланган нуқсонлар бепулга бартараф этилади.
20-моддасига мувофиқ, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартнома муносабатларига киришган-киришмаганидан қатъи назар, ҳар қандай истеъмолчи товар (иш, хизмат)нинг нуқсони туфайли етказилган зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Агентликнинг Жиззах вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан ўтказилган ўрганиш натижасида ғиштларнинг сифати меъёрий ҳужжатларга номувофиқлиги аниқланди. Агентлик ходимлари саъй-ҳаракати билан уч кун ичида истеъмолчи тўлаган 16 млн яқин сўм маблағнинг тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
12,319