Хонадонимизга 20 метр гилам қоплама харид қилдик. Аммо бир ҳафтадан сўнг гилам гулларининг ранги ўчиб, янги ҳолидагидан ўзгариб қолди. Дўкон сотувчисига бу ҳақда телефон орқали айтганимизда алмаштириб берилмаслигини айтди. Сотувчи ҳақ бўлса, мен гилам қопламага тўланган пулимга куйиб қолавераманми?
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13 февраль 2003 йилдаги 75-сонли қарори Чакана савдо қоидалари мавжуд. Унга кўра, истеъмолчи харид қилган гилам қопламаси зарур сифатга эга бўлмаган тақдирда уни назорат-касса чеки билан дўкондан айнан шундай товарга алмаштириб олиши, бундай товар бўлмаган тақдирда сотувчи билан зарур ҳисоб-китоб қилган ҳолда бошқасига алмаштиришга ҳақлидир. Ёки истеъмолчи товарга тўланган пулни қайтарилишини талаб қилиши ҳам мумкин.
Харид қилинган товар сифатли бўлса албатта қайтариб олинмайди ва алмаштириб берилмайди.
Мазкур қоидада берилган зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари қуйидаги рўйхатини келтириб ўтиш мумкин:
1. Уй шароитларида касалликларни профилактика қилиш ва даволаш учун товарлар (металл, резина, тўқимачилик ва бошқа материаллардан тайёрланган санитария ва гигиена буюмлари, тиббий буюмлар, приборлар ва аппаратлар, оғиз бўшлиғи гигиенаси воситалари, кўзойнак линзалари, болаларни парвариш қилиш буюмлари, дори воситалари.
2. Шахсий гигиена буюмлари (тиш чўткалари, тароқлар, соч тўғноғичлар, соч бигудилари, улама сочлар, шиньонлар ва бошқа шу каби товарлар.
3. Атторлик-пардоз товарлари.
4. Тўқимачилик товарлари (ип-газлама, зиғир толали, ипак, жун ва синтетик газламалар, газлама тусидаги нотўқима материаллардан тайёрланган товарлар — ленталар, жияклар, тўрлар ва бошқалар); кабель маҳсулотлари (симлар, шнурлар, кабеллар); қурилиш ва пардозлаш материаллари (линолеум, плёнка, гилам қопламалар ва бошқалар) ҳамда метрлаб сотиладиган бошқа товарлар.
Тикувчилик ва трикотаж буюмлари (тикувчилик буюмлари ва трикотаж ички кийимлар, пайпоқ ва қўлқоп буюмлари).
6. Полимер материаллардан тайёрланган, озиқ-овқат материаллари билан боғлиқ бўлган, шу жумладан бир марта фойдаланиладиган буюм ва материаллар (ошхона ва кухня идиш-товоқлари ва анжомлари, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва ташиш учун идишлар ва ўров материаллари).
7. Маиший кимё товарлари, пестицидлар ва агрохимикатлар.
8. Мебель (мебель гарнитурлари ва тўпламлари).
9.Қимматбаҳо тошлардан фойдаланган ҳолда қимматбаҳо металлардан тайёрланган, ярим қимматбаҳо ва синтетик тошлардан фойдаланган ҳолда қимматбаҳо металлардан тайёрланган буюмлар, силлиқланган қимматбаҳо тошлар.
10.Автомобиллар ва мотовелотоварлар, уларга тиркамалар ва номерли агрегатлар; қишлоқ хўжалиги ишлари учун кичик механизация кўчма воситалари; сайр қилиш қайиқлари ва бошқа маиший сузиш воситалари.
11.Кафолат муддатлари белгиланган техник жиҳатдан мураккаб маиший товарлар (металл қирқувчи ва ёғочга ишлов берувчи маиший дастгоҳлар; маиший электр машиналари ва маиший электр приборлари; маиший радиоэлектрон аппарат; маиший ҳисоблаш ва кўпайтириш техникаси; фото ва киноаппаратлар; телефон аппаратлари ва факсимиль аппарати; электр мусиқа асбоблари; электрон ўйинчоқлар).
- Ҳайвонлар ва ўсимликлар.
111,679