Бугунги кунда ҳар бир истеъмолчи ўзига сифатли хизмат кўрсатадиган замонавий, саранжом-саришта ва қулайликларга эга бўлган, етук малакали ҳамда хушмуомала мутахассис фаолият юритадиган гўзаллик салонларидан фойдаланишни истайди. Асосийси хизмат кўрсатувчи салон ўз лицензиясига, мутахассиси эса тиббий кўрикдан ўтганлиги тўғрисдаги дафтарчасига эга бўлиши зарур. Бу билан мижознинг соғлигини муҳофаза қилиниши баробарида ушбу хизматларга бўлган ишончини ортишига ҳам сабаб бўлади.
Истеъмолчи гўзаллик салонига ташриф буюрганда аввало нималарга эътибор қаратиши керак?
- Корхона манзили ва телефон рақамлари, иш соатлари ҳақидаги пешлавҳа борлиги;
- салоннинг санитария-гигиена талабларига мослиги;
- прейскурант – кўрсатилаётган хизматларнинг ҳар бир тури учун амалда бўлган нарх ва тарифлари бўйича тасдиқланган маълумотнинг мавжудлиги;
- иш анжомларининг санитария ҳолатда эканлиги;
- хизмат кўрсатувчининг махсус ишчи кийимида бўлиши.
Хизматлардан фойдаланишда қандай йўл тутган маъқул?
- Биринчи навбатда масъул ходимга мурожаат қилиш;
- кўрсатилаётган хизматлар турлари, уларнинг нархи ва тарифлари билан танишиш;
- бириктирилган хизмат кўрсатувчи ходимга ўз мақсадини билдириш;
- ишлатиладиган хизмат қуролларининг стерилизация қилинганига эътибор қаратиш;
- парфюмерия маҳсулотлари (шампунь, соч бўёқлари, бальзам, юз-тери креми ва бўёқлари) ҳақида маълумот олиш;
- қўшимча хизматларга эҳтиёж бўлса, олдиндан келишиб олиш.
- буюртмани бажариш муддатини айтиб ўтиш.
Салон ходимлари томонидан қуйидаги камчиликларга йўл қўйилганда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши мумкин:
- Салон хоналарини зарарсизлантириш – дезинфекция ишларини ўз вақтида амалга оширмаслик;
- хизматлар ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот бериш;
- қўпол муомалада бўлиш;
- талаб даражасига жавоб бермайдиган, маънан эскирган хавфли электр аппаратура ва асбоблардан фойдаланиш;
- мувофиқлик сертификати ва гигиеник хулосага эга бўлмаган парфюмерия воситаларини ишлатиш;
- Истеъмолчининг айнан истаган буюртмасини бажармаслик;
- буюртмаларни бажариш муддатларига риоя қилинмаслик оқибатида иш, ўқиш, турли тадбир ва тўй маросимларига кечиктириш;
- шошма-шошарлик билан хизмат кўрсатиш;
- хизмат ҳаққини олдиндан ҳисоблаб, билдириб қўймаслик;
- битта хизмат кўрсатиш орқали қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташ;
- хизмат даврида узлуксиз уяли телефон алоқаси орқали ёки ҳамкасби билан сўзлашуви;
- кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиш;
- камчиликларни вақтида бартараф этмаслик;
- истеъмолчи эътирозига лоқайдлик билан муносабатда бўлиш.
Ёдда тутинг: Истеъмолчи қонун ҳимоясида!
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш корхоналари фаолиятини барқарорлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 399-сонли қарорига кўра, бажарувчи ва буюртмачи ўртасида юзага келган низолар хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарияти томонидан ёки суд орқали ҳал қилинади.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт.
Шунингдек, кўрсатилган хизматлар инсонлар ҳаёти ва соғлигига зиён етказмаслиги белгилаб берилган. Сифатсиз бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) туфайли истеъмолчига етказилган зарар учун ижрочи ушбу Қонуннинг 20, 22, 27, 29-моддаларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги.
У.Мансурова тайёрлади.
73,337