Огоҳ бўлинг!
Савол: – Йўл юзасида сотилаётган салқинлантирувчи ичимликлар қандай тайёрланганини билмаймиз. Сотилаётган жойлари ва фойдаланаётган анжомлари ҳам талабга жавоб бермайди. Аммо қулай бўлганлиги сабаб кўпчилик айрон, гўжа, қумрон, ўрик шарбати ва бошқа ичимликларни сотиб олаяпти. Бундай ҳолат инсонларни соғлигига зиён етказиши мумкин-ку?
Жавоб: Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бош мутахассиси Махлиё Маҳмудова:
– Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасига мувофиқ, истеъмолчи товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлишини ҳамда товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлишини талаб қилишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, озиқ-овқат маҳсулоти ҳамда уни тайёрлашга мўлжалланган ва фойдаланганда озиқ-овқатга тегиб турадиган ускуналар озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигига доир нормалар ва қоидалар талабларига мослиги баҳоланганидан ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин ишлаб чиқарилиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши, реализация қилиниши ва ишлатилиши мумкин.
Истеъмолчилардан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг қўшма қарори билан тасдиқланган “Озиқ-овқат маҳсулотларига, уларни ишлаб чиқариш воситаларига ва халқ истеъмоли молларига санитария-эпидемиологик хулоса бериш тартиби тўғрисидаги ЙЎРИҚНОМА”ги мувофиқ, санитария-эпидемиологик хулосаси бор озиқ-овқат маҳсулотларни харид қилиш ва истеъмол қилишлари тавсия этилади. Сабаби ушбу хулоса олинган маҳсулотлар маълум технологик жараёнларда тайёрланган ва сифати кафолатган маҳсулот ҳисобланади.
Йўл ёқасидаги тадбиркорлик билан шуғилланаётган ўз-ўзини банд қилган фуқаролар ҳам ўз маҳсулотларини сифатини тасдиқловчи хулосалари мавжуд бўлганидагина сотувга чиқаришлари мумкин.
20,453