“Реклама” сўзи лотинча сўз бўлиб, ўзбек тилида “бақирмоқ, қичқирмоқ” маьносини англатади. Яьни бирон бир
маҳсулотни, харидор билиши учун бақириб чорлаш керак бўлади.
Бундан ўттиз йил илгариги яхши маҳсулот рекламага муҳтож эмас, деган фикрлар бўларди. Бунга ҳам ўзига яраша сабаблар бор. Ўша даврда бозорда рақобат мавжуд бўлмаган, шу туфайли рекламага ҳам эҳтиёж бўлмаган.
Бозор муносабатларига ўтилиши, хусусий корхоналарнинг пайдо бўлиши ва рақобатни юзага келтиргани ва ўз ўзидан истеъмолчилар учун танлаш ҳуқуқи аксарият ҳолларда реклама орқали пайдо бўлган.
Республикамизда 1998 йилда реклама соҳасини тартибга солувчи ягона “Реклама тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Ўша вақтларда қонуннинг 5-моддасида Ўзбекистон Республикасида рекламани хоҳлаган тилда тарқатилишига ижозат берилган иши, шу кунга қадар ишлаб келган.
1989 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги Қонунда, тил миллатнинг улкан бойлиги ва бебаҳо мулкидир. Социализмни, миллатлараро муносабатларни такомиллаштириш, халқларнинг миллий ва байналмилал ўзлигини англашнинг ўсиши миллий тилларни ҳар томонлама ривожлантиришни тақозо этади. Ушбу Қонун ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикасининг бутун худудида (майдонида) давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради деб кўрсатиб ўтилган.
Мазкур қонуннинг 1-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили билан биргаликда рус тилини миллатлараро муомала тили сифатида ривожлантириш ва ундан эркин фойдаланиш таъминланиши акс эттирилган.
Мазкур қонунинг 22-моддасида лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот воситалари республика давлат тилида ёзилади ва эълон қилинади ҳамда рус ва бошқа тилларда такрорланиши таъкидланган. Реклама бу эълон ҳисобланмаслиги ҳамда у алоҳида қонун хужжатлари билан тартибга солиниши сабабли, таъкидланган қонунда рекламанинг қайси тилда бўлиши (тарқатилиши) аниқлаштирилмасдан қолган.
1996 йилда “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилиниб, унда ҳам “рекламанинг тили”га урғу берилмасдан, 20-модда (эски 22-модда) эски таҳрирда, фақатгина “рус тили” ибораси чиқарилган ҳолда берилган.
Юқорида таъкидлаганимиздек, орадан 2 йил ўтиб 1998 йилда “Реклама тўғрисида”ги қонуни қабул қилинади ва тил масаласида эркинлик берилади. Яьни юртимизда ҳоҳлаган тилда рекламани тарқатиш имкони давом этади.
Шу ўринда аниқлик киритиб кетиш жоизки, “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги қонундаги “лавҳа” ибораси бу корхона ва ташкилотлар ҳақидаги маълумот акс эттирилган пешлавҳа, “эълон” фойда олиш билан боғлиқ бўлмаган, физик ёки юридик шахсларнинг аҳолига қаратилган мурожаати кўзда тутилган. “Бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот” ҳам истеъмолчиларга тааллуқли бўлган, бирон-бир маҳсулот ҳақида унинг хусусиятларини акс эттирувчи маълумотни ўз ичига олади.
Агар тарихга назар ташласак, Тошкент шаҳри худудида ташқи реклама воситаларининг барчаси давлат тилида ёки давлат тили билан бирга бошқа тилларда (50 фоиз давлат ва 50 фоиз бошқа тилда) жойлаштирилган.
Мазкур талаб, гарчи ноқонуний бўлса-да, 2018 йилга қадар ишлаб келган. Чунки 2018 йилга қадар Тошкент шаҳрида жойлаштириладиган барча реклама эскизлари махсус комиссия чиғириғидан ўтган. Ушбу комиссияда маънавият ва маърифат маркази ходимидан, тилшунос ва адабиётшунослар ҳам фаолият юритган.
Тадбиркорлик субъектларига енгиллик яратиш, ҳар хил турдаги рухсат бериш тамойиллардан воз кечиш компанияси авж олган пайтда, реклама учун рухсатнома бериш ҳам бекор қилинган, яъни 2018 йил 1 июлдан Тошкент шаҳрида рекламалар қонун хужжатларига риоя этилган ҳолда хеч қайси давлат органидан рухсат олмаган ҳолда ўрнатилиши жорий этилган.
Орадан 22 йил ўтиб, рекламанинг “тили”га эътибор тушди. Бугун нафақат рекламанинг тили, балки қонуннинг аксарият талаби ўзгарган ҳолда унинг янги таҳрири ишлаб чиқилди.
Унга асосан, республикамизда реклама давлат тилида жойлаштирилиши ва реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда такрорланишига ижозат берилди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, амалдаги қонун рекламани исталган хорижий тилда тарқатишга ижозат берса, янги қонун қабул қилинган тақдирда республикамиз ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилиши шарт. Реклама берувчининг хоҳишига кўра давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда берилишига ҳам ижозат берилади.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу рекламанинг тилига тааллуқли моддага бир қатор чекловлар (мажбурий талаблар) киритилиши режалаштирилди.
Биринчидан, рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси унинг давлат тилидаги асосий маъносини бузмаслиги белгилаб қўйилди. Жумладан, ўзбек тилида бир маъно, бошқа тилларда ўзгача маъно бўлишига йўл қўйилмайди.
Иккинчидан, ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни давлат тилида берилган матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолатда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги талаб этилади. Масалан, давлат тилидаги матн тепа қисмида 60 фоизни эгалласа, рекламанинг пастки қисмида унинг бошқа тилдаги таржимаси 40 фоизни ташкил этади.
Учинчидан, босма нашрларда ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матнли, форматдаги умумий реклама майдонининг 10 фоизидан, аудио ва видео форматда эса давлат тилидаги эфир вақтидан ошмаслиги талаб этилади.
Тўртинчидан, теле ва радиоканалларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тилларда бериладиган таржимаси кунлик умумий реклама хажмининг 20 фоизидан ошмаслиги керак.
Шу ўринда ўз-ўзидан эндиликда нега бошқа тилларда такрорланишига ижозат бериляпти деган савол туғилиши мумкин.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди.
Мазкур Қонуннинг 4-моддасига асосан Ўзбекистонда давлат тилини ўрганиш учун барча фуқароларга шарт-шароит ҳамда унинг ҳудудида яшовчи миллатлар ва элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш таъминланади, бу тилларни ривожлантириш учун шарт-шароит яратилади.
Шу ўринда “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги Қонунига киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар, давлат тилидан бошқа тилларга қаратилган эътирофларни таҳлил қилиб чиқсак.
Мазкур 1996 йилда янги таҳрирда қабул қилинган қонун бор йўғи 24 та моддадан иборат (1989 йил 21 октябрда қабул қилинган эски таҳририда 30 та модда бўлган) бўлиб, ўтган 24 йил ичида 4 марта қўшимча ва ўзгартириш киритилган.
Илк бор 2004 йил 3 декабрда 7-моддага кичик таҳририй ўзгартириш киритилган («Олий Мажлис тегишли қўмитасининг» деган сўзлари «Олий Мажлис палаталари тегишли қўмиталарининг» деган сўзлари билан алмаштирилган).
Кейинги ўзгартириш 2010 йил 14 сентябрда амалга оширилиб, унга мувофиқ 12 модда ,
Орадан 1 йил ўтиб, 2011 йил 12 октябрда учинчи бор ўзгартириш киритилган. Мазкур ўзагртиришга асосан 22-моддаги “давлат нотариуси” “нотариус” билан алмаштирилади. Яьни, нотариал ҳаракатларни нафақат давлат балким хусусий нотариуслар ҳам амалга ошириши кўзда тутилади.
Ва охирги ўзгартириш 2017 йил 17 сентябрда бўлиб ўтган. Унда 11-моддасининг иккинчи қисмидаги “хўжалик низолари” “иқтисодий низолар” билан алмаштирилган холос.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, қонун 24 та моддадан иборат бўлса-да, унинг 18 та моддасида бошқа тилларга ҳам алоҳида эътибор берилган.
Жумладан, қонунда 13 марта “бошқа тиллар”, 4 марта “миллат ва элатларнинг тиллари” ҳамда 1 мартадан “рус тили”, “миллатлараро муомала тили”, “ўзлари танлаган тиллар”, “кўпчилик аҳоли тили”, “аҳдлашувчи томоннинг (томонларнинг) тили”, “бошқа мақбул тил” каби иборалар ўрин олган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бир неча йиллик хатоликларни бартараф этиш зарур. Бу ишларни бажаришда кўз илғамайдиган, лекин жуда муҳим бўлган муаммолардан, яъни реклама, пешлавҳа, нархнома ва эълонларни давлат тилига ўтказишдан бошлашимиз лозим бўлади.
Дилшод Азимов
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директорининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси
120,357