Ҳозирги вақтда контрафакт ва қалбакилаштирилган маҳсулотларнинг бозорга кириб келишининг олдини олиш мақсадида кўплаб мамлакатларда маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими фаол жорий этилмоқда.
Рақамли маркировкалаш – бу товар айланмасини назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимидир. Ҳар бир маҳсулот ҳақидаги маълумотлар электрон базада сақланади, ушбу маълумотларни истеъмолчилар ва ишлаб чиқарувчилар ҳам сканер кодлари орқали кўришлари мумкин. Рақамли маркировкалаш харидорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун мўлжалланган, чунки унинг ёрдамида истеъмолчилар маҳсулот ҳақида барча маълумотларни билиб олишлари мумкин, бу эса хатарли ёки паст сифатли маҳсулотни сотиб олиш хавфини камайтиради. Рақамли маркировкалаш учун матрицага оид штрих-кодлар қўлланилади. Ҳар бир маҳсулотга алоҳида ноёб код қўлланилади.
Ўзбекистонда маҳсулотларни ноқонуний олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотиш ҳолатларининг олдини олиш, алоҳида турдаги маҳсулотларнинг қонуний айланмасини таъминлаш механизмини тубдан такомиллаштириш ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 ноябрдаги “Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ПҚ-737 қарори қабул қилинган бўлиб, қарорда маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тартиби “Асл белгиси” миллий ахборот тизими доирасида жорий этилиши кўзда тутилган.
Қарорга кўра, мажбурий рақамли маркировкалаш талаби жорий қилинадиган маҳсулотларга тамаки, алкоголь ва пиво маҳсулотлари киради, 2022-йил 1-февралдан бошлаб эса ушбу рўйхатга дори воситалари, сув ва ичимликлар ҳамда маиший техника воситалари қўшилиши белгиланган. Келгусида тизим мажбурий рақамли маркировкалаш лозим бўлган товарлар рўйхатини кенгайтиришни назарда тутади.
Шуни таъкидлаш керакки, бундай рақамли маркировкалаш тизимлари Бразилия, Аргентина, Канада, Беларус Республикаси, Филиппин, Россия ва Қозоғистонда фаол қўлланилмоқда.
Бундай тизим ёрдамида Ўзбекистон истеъмолчилари мобил иловадан фойдаланган ҳолда маҳсулотларнинг асллигини текшириш ва товар ҳақида тўлиқ маълумот олиш имкониятига эга бўлади: ишлаб чиқарувчи, таркиби ва бошқа маълумотлар, агар сохта маҳсулот аниқланса, қоидабузарлик ҳақида хабар берилиши мумкин.
Нилюфар Бабажанова, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бош мутахассиси.
102,231