Маргарин пишириқ маҳсулотларининг ажралмас ва муҳим таркибий қисми бўлиб, пишириқларнинг ташқи кўриниши ва таъмини оширишга хизмат қилади. Дўконларда маргаринлар танлови катта, сир эмас, шунга қарамай ҳар бир уй бекаси уни ўз танловига кўра харид қилади.
Аммо сиз танловингизда адашмадингизми ва қайси сифатдаги маргариндан фойдаланасиз?
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан МАРГАРИН маҳсулотининг навбатдаги долзарб экспертизаси ўтказилди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан чакана савдода сотилаётган ёғ-мой маҳсулотларнинг мувофиқлигини ўрганиш учун қуйидаги маргаринларнинг намуналари сотиб олинди:
- «Домашнее застоле» қаттиқ маргарин – ишлаб чиқарувчи ҚК МЧЖ «MILK EURO FOOD», Ўзбекистон;
- «Щедрое лето» қаймоқ таъмли, қаттиқ маргарин – ишлаб чиқарувчи ОАЖ «Жировой комбинат», Россия;
- «Сливочный» қаттиқ ошхона маргарини, ишлаб чиқарувчи ҚК МЧЖ «GOOD FOOD GROUP”, Ўзбекистон;
- «ONA» қаймоқли маргарин, ишлаб чиқарувчи «MARSA YAG SAN. VE TIC A.S.», Туркия;
- «Мечта» маргарин – ишлаб чиқарувчи ҚК МЧЖ «SARDOBA AGRO HOLDING», Ўзбекистон;
- «Appetito» классик маргарин – ХК «Chromos Production», Ўзбекистон;
- «OLEO» маргарин – ишлаб чиқарувчи МЧЖ «Baraka Food», Ўзбекистон;
- «Yayla» ўсимлик маргарини – ишлаб чиқарувчи «Besler Gıda ve Kimya San. Tic. A.Ş.», Туркия
ЭКСПEРТИЗА ТАҲЛИЛЛАРИ НИМАНИ КЎРСАТАДИ?
Маҳсулот намуналари ГОСТ 32188:2013 “Ёғ-мой маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент талабларига мувофиқлиги “UzTest” ДУК ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигида санитария-гигиена талабларига мувофиқлиги юзасидан синовдан ўтказилди.
Трансёғлар нима ва улар нима учун хавфли?
Ёғ кислоталарининг трансизомерлари ҳайвон ёғлари ва саноат усулида ишлаб чиқаришига тегишли. Шунинг учун трансёғлар сут-сарёғ, пишлоқ, сметана ва мол гўштларида мавжуд.
Аммо бу табиий ҳайвонларнинг трансизомерлари. Бундан ташқари саноат трансизомерлари мавжуд. Саноат трансёғлари ўсимлик мойларини гидрогенлаш орқали олинади.
Бу қовуриш ва пиширишда таркибий қисм сифатида кенг фойдаланиш учун суюқ мойларни қаттиқ ёғларга айлантирадиган кимёвий жараён.
Гидрогенизацияланган мойлар маргарин каби озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлашда ишлатилади.
ЖССТ ва бошқа соғлиқни сақлаш ташкилотлари трансёғлардан сақланишни тавсия қилади, чунки ортиқча истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади.
Маргариннинг 6 та намунасида трансизомерларининг юқори (трансёғлари) 2% меъёрдан юқори бўлганлиги аниқланди:
- «Мечта» маргарин – ишлаб чиқарувчи ҚК МЧЖ «SARDOBA AGRO HOLDING», Ўзбекистон – 32%;
- «Yayla» ўсимлик маргарини – ишлаб чиқарувчи «Besler Gıda ve Kimya San. Tic. A.Ş.», Туркия – 9,6%;
- «ONA» қаймоқли маргарин, ишлаб чиқарувчи «MARSA YAG SAN. VE TIC A.S.», Туркия – 7,8%;
- «Щедрое лето» қаймоқ таъмли, қаттиқ маргарин – ишлаб чиқарувчи ОАЖ «Жировой комбинат», Россия – 7,8%;
- «Appetito» классик маргарин – ХК «Chromos Production», Ўзбекистон – 3,7%
- «OLEO» маргарин – ишлаб чиқарувчи МЧЖ «Baraka Food», Ўзбекистон – 2,9%.
ИСТЕЪМОЛЧИНИ ХАБАРДОР ҚИЛИШ МУҲИМ ВА ЗАРУР!
Озиқ-овқат маҳсулотларида трансёғларнинг мавжудлиги ва миқдори тўғрисида истеъмолчиларни хабардор қилиш учун кўплаб мамлакатларда мажбурий ва ихтиёрий ёрлиқлар жорий қилинган, унда трансёғлар даражаси маҳсулот озуқавий қиймати жадвалида кўрсатилади.
Мамлакатимизда маргарин маҳсулотларини тамғалаш техник регламентга мувофиқ маҳсулотнинг ёғли фазасида тўйинган ёғ кислоталарининг ҳамда маҳсулотдaги ёғнинг миқдорига нисбатан ёғ кислоталари трансизомерларининг фоизлардаги максимал миқдори бўйича қўшимча равишда маълумот тақдим этилиши керак.
Аммо кўпгина ишлаб чиқарувчилар бу қоидаларга амал қилмайдилар. Қуйидаги маргарин намуналарида тўлиқ маълумотлар берилган:
1. «Щедрое лето» қаймоқ таъмли, қаттиқ маргарин – ишлаб чиқарувчи ОАЖ «Жировой комбинат», Россия.
2. «Сливочный» қаттиқ ошхона маргарини, ишлаб чиқарувчи ҚК МЧЖ «GOOD FOOD GROUP”, Ўзбекистон.
БМТ ҳузуридаги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти озиқ-овқат маҳсулотларидаги трансизомерлар миқдорини камайтириш, сунъий равишда гидрогенланган (трансёғлардан узоқ вақт фойдаланиш мақсадида водород билан қайта ишланган) ёғлардан имкон қадар фойдаланмасликка чақиради, бу ҳаракатларнинг асосий мақсади юрак-қон томир касалликларини олдини олишга қаратилган. 2011 йил сентябрь ойида БМТнинг мазкур масала бўйича навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессия натижаларига кўра, ЖССТнинг 2025 йилга қадар юқумли бўлмаган касалликларни мониторинг қилиб бориш дастури ишлаб чиқилди. Ушбу дастурнинг асосий кўрсаткичларидан бири – Озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги гидрогенланган трансёғлар миқдорини бутунлай йўқотиш ва уларни тўйинганмаган ёғлар билан алмаштириш миллий дастурини қабул қилиниши ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида трансёғлар таркибини камайтириш, шунингдек, истеъмолчиларга соғлом озиқ-овқатни танлашда қулайлик яратиш мақсадида “тамғалаш белгиларини” жорий этиш бўйича 2025 йилга қадар мўлжалланган чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.
124,450