Бугунги кунда савол кўплаб аёлларни ҳам, эркакларни ҳам қийнаб келмоқда. Ўз вазнини йўқотиш истаги кучли бўлган инсонлар учун диета озиқ-овқат қўшимчалари сеҳрли ечим бўлиб кўриниши табиий ҳол. Ахир ҳеч қандай жисмоний куч сарфламасдан ва турли хил қийин парҳезларсиз сиз шунчаки мана шу «СEҲРЛИ» таблеткалар ёрдамида ортиқча вазндан халос бўласиз. Қандай тез ва осон!
Ушбу маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари ўзларининг препаратлари хусусияти тўғрисида ёрқин реклама орқали ғайритабиий ваъдалар беришади, аммо бу даъволарнинг аксарияти клиник тадқиқотлар томонидан қўллаб-қувватланмайди. Дарҳақиқат, вазн йўқотишга ёрдам берадиган таблеткалар инсон соғлиғига хавф солиши мумкин. Диета маҳсулотлари билан боғлиқ хавф-хатарларга қарамай, ушбу турдаги озиқ-овқат қўшимчаларига бўлган талаб кун сайин ўсиб бормоқда, айниқса овқатланиш тузилмасида баланснинг хар қандай бузилиши мавжуд бўлган одамлар орасида.
Eating Behaviors[1] тадқиқотларига кўра, овқатланиш бузилиши билан касалланганларнинг 50% га яқини вазнни қўллаб-қувватлаш учун диетадан ташқари таблетка, ўсимлик қўшимчалари ёки рецепт бўйича диета препаратларини истеъмол қилишади. Аммо агар сиз тиббий сабабларга кўра ва шифокор назорати остида вазн йўқотадиган дориларни истеъмол қилмасангиз, соғлиғингизни хавф остига қўйишингиз мумкин.
Оздирувчи препаратлар қандай таъсир этади?
Эҳтимол сиз ижтимоий тармоқларда вазн йўқотишга ёрдам берадиган препаратларни ранг-баранг рекламаларига дуч келгансиз. Ушбу маҳсулотларни сотувчи компаниялар ўз ваъдаларига кўра таблеткалар ёрдамида қуйидаги натижаларга эришишингиз мумкинлигини таъкидлайдилар:
- Озиқ-овқатга бўлган эҳтиёж камайиши (қумтош, гул чанги, арпабодиён)
- Мияда тўқлик маркази қўзғалиб, тезда тўйиб қолиш (Е412 овқат қўшимчаси, псиллиум)
- Тезлашган метаболизм (кофеин, гуарана, сефрин, B витаминлари)
- Организм ёғ ишлаб чиқаришининг камайиши (кўк чой, хлорид кислотаси, зиғир уруғлари)
Оздирувчи препаратлар деярли ҳар қандай шаклда, таблетка ва капсулалардан тортиб то кукун, суюқлик ва чойга қўшиб ичадиган турларда мавжуд. Баъзилари овқатга қўшимча сифатида, бошқалари эса овқатнинг ўрнига истеъмол қилинади. Ушбу препаратларнинг асосий таркибида кофеин моддаси мавжуд, у марказий асаб тизимининг стимулятори бўлиб термогенез деб аталган жараён орқали ёғни «ёқиб» юбориши мумкин. Аммо ушбу парҳез препаратларининг инсон организмига салбий таъсир этиш эҳтимоли катта.
Оздирувчи препаратлар нега хавфли бўлиши мумкин?
Кўпинча диета таблеткаларида иштаҳани бостирувчи моддалар мавжуд. Улардан энг кенг тарқалгани бу сибутрамин, амфетамин, фенфлурамин ва унинг ҳосиласи дексфенфлурамин, шунингдек фентермин ва эфедрин.
- Амфетамин гиёҳванд моддалар рўйхатига киритилган бўлиб, унинг муомалада бўлиши Ўзбекистон Республикасида чекланган
Амфетамин соғлиққа салбий таъсир кўрсатиб вазн йўқотиш, уйқусизлик, юрак ва қон-томир асоратлари ва гиёҳвандликка олиб келиши мумкин. Амфетаминни ўртача дозаларда қўллаш ҳам инсон учун хавфли бўлган юрак ритмининг бузилишига сабаб бўлади.
- Сибутрамин – бугунги кунгача сибутрамин препаратларини соф ҳолда ёки комбинацияланган ҳолда Ўзбекистонга олиб кириш тақиқланган.
Meridia номи остида рецепт бўйича сотиладиган сибутрамин диета препарати АҚШ бозорида муомаладан тўхтатилган. Клиник тадқиқотлар натижасида бу препарат юрак хуружи хавфини ошириши мумкинлиги исботланган. Meridia маҳсулотларини истеъмол қилувчиларда юрак қон-томир шикастланиши белгилари аниқлангандан сўнг ишлаб чиқарувчи компания ўз ихтиёри билан ишлаб чиқаришни тўхтатди.
- Эфедринни ўз ичига оладиган эфедра ўсимлиги прекурсорлар рўйхатига киритилган бўлиб, унинг муомалада бўлиши Ўзбекистон Республикасида чекланган.
Авваллари парҳез препаратлари таркибида кенг қўлланган хитой эфедра ўсимлиги стимулятори юрак хуружи ва инсультга олиб келиш эҳтимоли юқори бўлганлиги учун сотувдан олинган.
Билиш муҳим
Парҳез таблеткалари ва озиқ-овқат диета қўшимчалари сизнинг маҳаллий дорихонангизда ёки Интернет саҳифаларида жозибали қадоқларда сотилиши бу уларнинг хавфсизлигидан дарак бермайди.
Ҳозирги кунда республикамизда ижтимоий тармоқлар орқали савдоси ривожланган оздирувчи (волшебная сила) дея реклама қилинаётган препаратларнинг (мисол учун, V7, Турбослим, Билайт, КодS, FATZОrb, Хитозан Эвалар, Chocolate Slim, Липоксин, Волшебные Бобы, Ферментаиз, 7 дней, Идеалная формула, Samyunwan, Бомба, Актинидия, Циклоналное похудения, Сан Сзю Чжен, МКС Анкир-Б, Липотрим, Лишоу, Кокосом похудение, Fiber Slim ва бошқалар) инсон саломатлигига ножўя таъсири етарлича илмий ва клиник исботланмаган.
Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ қўлланиши ва реализация қилиниши юзасидан тегишли давлат органлари махсус рухсатнома бермай туриб косметика воситалари, маиший кимё, озиқ-овқат маҳсулотлари, витаминли ва биологик жиҳатдан таъсирчан озиқ-овқат қўшимчаларини реклама қилиш тақиқланади. Таркибида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалари бўлган дори воситаларини реклама қилиш ҳам тақиқланади.
Оздирувчи препаратларнинг аксариятида таркиби, келиб чиқиши, тайёрланиши, ишлаб чиқарувчиси, сақлаш шартлари, қўллаш усули, ножўя таъсири ва бошқалар тўғрисида тўлиқ маълумот ёзилмаган. Шу сабабли истеъмолчилар нотўғри маълумотларга дуч келишади ва ўзлари билмаган ҳолда хавфли маҳсулотни сотиб олишлари мумкин. Бу тўғридан-тўғри «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг бир қатор моддаларини бузиш ҳисобланади.
Шу муносабат билан, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан истеъмолчиларга оздирувчи воситаларни харид қилиш ва уларни истеъмол қилишда соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари (врач-онколог, врач-диетолог) кўрсатмаларига қатъий риоя қилиш, таъсири исботланмаган ва келиб чиқиши номаълум бўлган воситалардан умуман фойдаланмаслик тавсия этилади.
[1] Eating Behaviors халқаро миқёсидаги илмий журнал бўлиб, у катталар ва болаларда ортиқча вазн, меъёридан кўп овқатланиш ва овқатланиш бузилишининг этиологияси, олдини олиш ва даволаш бўйича тадқиқотларни нашр этади.
Лазиза Шарифова, таҳлил ва стратегик дастурларни ишлаб чиқиш йиғма бошқармасининг етакчи мутахассиси.
116,257