Бугун, 28 декабрь куни Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси қабул қилинди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасининг асосий жиҳатлари (ўзгаришлар) нималардан иборат?
- Қонуннинг амал қилиш соҳаси ва қонун нормаларини қўллашда ноаниқликларга олиб келган айрим тушунчаларга аниқлик киритилмоқда.
- Рекламанинг айланиши соҳасини тартибга солиш бўйича Ҳукумат, ваколатли давлат органи, маҳаллий ҳокимлик ва нодавлат ташкилотларнинг ваколатлари белгиланмоқда.
- Телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва телекоммуникация, жумладан мобил алоқа тармоқларида реклама жойлаштириш тартиби такомиллаштирилмоқда, хусусан:
– телерадиоташкилотлар учун реклама жойлаштиришга ажратилган вақт ҳар бир соатига 20 фоиздан ошмаслиги белгиланмоқда ва бошқа талаблар либераллаштирилмоқда;
– телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш чоғида рекламани тарқатишга фақат абонентнинг олдиндан розилиги бўлсагина йўл қўйилиши белгиланмоқда.
- Рағбатлантирувчи акцияларни ташкил этиш ва ўтказишга ҳамда уларни рекламасига доир аниқ тартиб ўрнатилмоқда;
- Ташқи рекламани жойлаштириш муносабатларига оид талабларни белгиловчи 4 та моддадан иборат алоҳида боб киритилмоқда.
- Интернет жаҳон ахборот тармоғи воситасида тарқатиладиган рекламани тартибга солувчи янги талаблар киритилмоқда.
- Дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар, энергетик ичимликлар, халқ табобати товарлари, алкогол ва тамаки маҳсулотлари рекламасига доир талаблар такомиллаштирилмоқда.
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилиши, бунда реклама мазмунининг таржимаси унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги асосий маъносини бузмаган ҳолда қўшимча равишда такрор берилиши мумкинлиги ўрнатилмоқда.
- Қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, шу жумладан телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар рекламасига йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.
- Реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан суд тартибида молиявий санкциялар қўлланилиши назарда тутилмоқда.
Қонуннинг мақсади:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рекламани ишлаб чиқариш, тарқатиш, жойлаштириш ва фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш;
вояга етмаганларни рекламадан ҳимоя қилиш;
тадбиркорлик ва истеъмол маданиятини такомиллаштириш;
маҳсулотнинг хусусияти, тайёрланиш усули ва жойи, истеъмол хусусиятлари, сифати ва бошқа тавсифлари, уни реализация қилиш шартларига кўра истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ маълумотларни реклама воситасида тарқатилишининг олдини олиш;
жисмоний ва юридик шахсларни, жумладан вояга етмаганларни номувофиқ рекламадан ҳимоя қилиш;
реклама фаолияти ва реклама бозорини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилади.
14,776