Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2019 йил 30 майдаги топшириғига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 сентябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5817-сон Фармони ва 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ–4887-сон қарори ва бошқа ҳужжатлар ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳаси 7 та боб ва 53 та моддадан иборат.
Қонун лойиҳаси 11 та вазирлик ва идоралар билан келишилган, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда 30 га яқин хорижий давлат қонунлари, халқаро ҳужжатлар ва бошқа илмий нашрлар таҳлил қилинди.
Амалдаги “Реклама тўғрисида”ги Қонун 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган бўлиб, 30 та моддадан иборат. Бугунги кунга қадар унга 15 маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Кейинги йилларда бутун дунёда бўлгани каби республикамизда ҳам замонавий технологиялар, янги ва креатив реклама ва маркетинг усуллари, реклама ахборотини тарқатиш ва усулларининг ўзгача, яъни қонун билан тартибга солиб бўлмайдиган йўллари ортиб бормоқда.
Жумладан, амалдаги қонунда умумий тусга эга бўлган ва ишламайдиган нормалар мавжуд бўлиб, улар реклама фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмаган;
реклама фаолиятига қўйиладиган талабларнинг етарли эмаслиги, давлат ва нодавлат ташкилотларининг реклама соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланмаганлиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўплаб ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлмоқда;
реклама объектининг хавфсиз бўлишига оид талаблар мавжуд эмас, жумладан дори воситалари, биологик актив ва озиқ-овқат қўшимчалари, болаларга мўлжалланган озиқ-овқатлар, тамаки, алкоголли ва энергетик ичимликлар рекламасига нисбатан чекловлар назарда тутилмаган;
рекламани тартибга солувчи қонун ҳужжатларида вояга етмаганларни ҳимоя қилиш масалалари тўлақонли қамраб олинмаган;
номувофиқ рекламалар учун қатъий таъсир чоралари белгиланмаган, бу эса, ўз навбатида, аҳолининг оқилона танлови ва истеъмолчилик маданияти ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.
Янги қонун лойиҳасида қуйидагилар белгиланмоқда:
- қонун нормаларини қўллашда ноаниқликларга олиб келган айрим тушунчаларга аниқлик киритилмоқда ва янги тушунчалар киритилмоқда;
(Қонун лойиҳаси “реклама объекти”, “интеграциялаштирилган реклама”, “ички реклама”, “номувофиқ реклама”, “ахлоқсиз реклама”, “яширин реклама”, “ҳомийлик” каби янги тушунчалар билан тўлдирилмоқда.)
- реклама соҳасини тартибга солиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси ва ваколатли органнинг ҳамда нодавлат ташкилотларнинг ваколатлари, шунингдек, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таҳлил қилиш асослари ва тартиби ўрнатилмоқда;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилиши ва реклама мазмунининг таржимаси қўшимча равишда бошқа тилларда такрорланиши мумкинлиги белгиланмоқда;
(Амалда: Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама давлат тилида ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилади.)
- телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва телекоммуникация, жумладан мобил алоқа тармоқларида реклама жойлаштириш тартиби такомиллаштирилмоқда, жумладан:
- мобил алоқа тармоғи орқали реклама тарқатилишига фақат истеъмолчининг розилиги билан йўл қўйилиши ўрнатилмоқда;
- электрон тижоратда маҳсулот рекламаси, ташқи реклама объектларини ўрнатиш, ички реклама ҳамда рекламада огоҳлантириш ва қўшимча ахборотларни бериш тартибга солинмоқда, хусусан:
- истеъмолчилар ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлиги билан боғлиқ маҳсулотлар (дори, биологик фаол озуқавий қўшимчалар, энергетик ичимликлар, халқ табобати маҳсулотлари, тамаки, чилим, алкоголь маҳсулотлари, пиротехника воситалари, қурол-яроғ) рекламасига қўйиладиган талаблар такомиллаштирилмоқда, хусусан:
- қимматли қоғозлар, молиявий ва аҳолининг пул маблағларини жалб қилиш билан боғлиқ хизматларни реклама қилиш, рағбатлантирувчи реклама акцияларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибга солинмоқда;
- бундай озиқ-овқат маҳсулотлари зарарсиз ва инсон саломатлиги учун фойдали эканлиги тўғрисида таъкидлаш;
- рекламада вояга етмаганларга мурожаат қилиш, шунингдек болалар, анимацион персонажлар ва болалар кўрсатувлари қаҳрамонларидан фойдаланиш тақиқланмоқда;
Лойиҳани ишлаб чиқишдан мақсад қуйидагилардан иборат.
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рекламани ишлаб чиқариш, тарқатиш, жойлаштириш ва фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш;
– тадбиркорлик ва истеъмол маданиятини такомиллаштириш;
– маҳсулотнинг хусусияти, тайёрланиш усули ва жойи, истеъмол хусусиятлари, сифати ва бошқа тавсифлари, уни реализация қилиш шартларига кўра истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ маълумотларни реклама воситасида тарқатилишини олдини олиш;
– жисмоний ва юридик шахслар, жумладан тадбиркорлик фаолияти субъектларини номувофиқ рекламадан ҳимоя қилиш;
– реклама фаолияти ва реклама бозорини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишдан иборат.
19,439