Тошкент шаҳар
Нотўғри ўлчанган, сифатсиз тайёрланган олиб-қўйилувчи тиш қопламаси икки ҳафта ўтса ҳамки, истеъмолчига ноқулайлик туғдирди. Тошкент шаҳар Олмазор туманида истиқомат қилувчи Б.Н. милклари шишиб, қаттиқ оғриқлардан изтироб чекди, ҳатто бу тишлар билан деярли овқатлана ҳам олмади. Шундан сўнг хизмат кўрсатувчи стоматология клиникасига бир неча бор мурожаат қилди. Истеъмолчига озгина сабр қилиши зарурлиги тиш қопламаси аста-секин жойига мослашишини айтиб, катта ёшда эканлигига қарамай уни беҳуда овора қилишади.
Шундан сўнг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг 1159 ишонч телефонига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Агентликнинг Тошкент шаҳар ҳудудий тузилмаси томонидан мазкур мурожаат атрофлича ўрганиб чиқилди.
Натижада сифатсиз буюртма сабаб истеъмолчининг соғлигига зиён етгани маълум бўлди. Шундан сўнг стоматология клиникаси томонидан истеъмолчининг банк картасига 3 млн 600 минг сўм пул қайтарилди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасида товар (иш, хизмат)нинг нуқсонлари туфайли етказилган зарар учун мулкий жавобгарлик белгилаб берилган. Унга кўра, товар (иш, хизмат)нинг тузилишига, ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар, мосламалар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим.
22,715