Наманган вилоятининг Уйчи туманида яшовчи фуқаро 6 млн сўмга “ Artel ” русумли кондиционер харид қилди. Аммо кондиционер қиш кунлари хонани умуман иситмади. Пулни қайтариш ёки алмаштириш бўйича ҳар бир сўровга жавобан истеъмолчи сотувчидан фақат ваъдаларни эшитиш билан кифояланган, холос. Оғзаки ваъдалар ҳеч қачон бажарилмаслигини англаб етган истеъмолчи Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Наманган вилояти ҳудудий тузилмасига мурожаат қилади.
Ўрганишлар натижасида кондиционер ишлаб чиқаришдаги носозлиги туфайли етарли даражада иссиқликни бермаганлиги маълум бўлди. Тез орада истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланиб, унга 6 млн сўм пул маблағи қайтарилишига эришилди.
Ҳурмати истеъмолчилар, ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати мобайнида товар (хизмат)нинг, нормал ишлашини (қўлланилишини, улардан фойдаланилишини) таъминлаши шарт. Кафолат муддати товар (хизмат)нинг паспортида ёки товарни сотиш ёхуд хизмат кўрсатиш пайтида товар билан биргаликда истеъмолчига бериладиган бошқа ҳужжатда кўрсатилади.
25,363