Дўкондан ўзларида қадоқланган маҳсулотдан шакар сотиб олгандим. Маҳсулотнинг устидаги ёрлиқда 5 кг.деб ёзилган, аммо кўринишидан вазни камга ўхшайди. Ишонч ҳосил қилиш учун назорат тарозига тортиб кўрмоқчи эдим, аммо уни топа олмадим.Мен эса шубҳада қолдим. Аслида назорат тарозилари қаерларда ўрнатилиши керак?
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасига мувофиқ, истеъмолчи сотиб олинган маҳсулотнинг сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эга.
Албатта, мурожаатчининг бу саволи ўринли. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 75-сонли қарори Чакана савдо қоидаларида 3 ва ундан ортиқ иш ўринига эга озиқ-овқат дўконларида 1 та назорат тарози, майдони 1500 кв.м ва ундан ортиқ бўлган савдо залларида эса иккита жойда назорат тарозилари ўрнатилиши белгилаб қуйилган.
Ҳар бир истеъмолчи ўзи харид қилган маҳсулотини мазкур назорат тарозиларида тортиб, текшириб олиши ҳуқуқига эга.
Шу билан бир қаторда Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикасида савдо комплекслари фаолиятини ташкил этиш қоидаларига мувофиқ бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида харидорлар учун қулай бўлган жойларда назорат тарозилари бўлиши лозимлиги белгиланган.
Юқорида қайд этилган меъёрий ҳужжатлар талабларидан келиб чиқиб, истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг ишончли хариди учун қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан, ҳудудларда жойлашган чакана савдо билан шуғулланувчи барча озиқ-овқат бозорлари ва савдо комплексларида кўзга яққол ташланадиган ишонч тамғасига ёки гувоҳномасига эга бўлган назорат тарозиларининг ўрнатилганлиги доимий назоратга олинган.
111,584