ИСТЕЪМОЛГА ЯРОҚСИЗ МАҲСУЛОТЛАРНИНГ СОТИЛИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ!
Маҳсулотлар сифатини ким ўрганади?
Сотилаётган ҳар бир маҳсулот сифатли ҳамда хавфсиз бўлиши, инсонларнинг ҳаёти, соғлигига зиён етказмаслиги керак. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўз ваколати доирасида чакана савдо объектларида сотиладиган халқ истеъмоли товарлари сифати ва хавфсизлигининг белгиланган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлиги юзасидан тизимли равишда ўрганишлар олиб бормоқда.
Биргина 2022 йилнинг I-чораги давомида Агентлик томонидан белгиланган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлиги юзасидан 41 та маҳсулот озиқ-овқат маҳсулотларидан ун, сут ва сут маҳсулотлари, ёғ-мой маҳсулотлари, кетчуп, майонез, ош тузи ва бошқалар ҳамда 2 та металл (арматура) маҳсулотлари, 6 та ноозиқ-овқат маҳсулотларининг назорат хариди ва экспертизаси амалга оширилди.
Экспертизада сифатсиз пахта ёғлари ва ош тузлари аниқланди…
Намуна сифатида олинган мазкур 32 та маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари учун берилган экспертиза хулосасида 8 номдаги маҳсулот норматив-техник ҳужжатлар талабларига номувофиқлиги маълум бўлди.
Аммо, 6 та пахта ёғ маҳсулоти намуналаридан 3та ёғ намунаси “ Антиқа” пахта ёғи, “Шарқ пахта ёғи” ва “Дилбар” пахта ёғининг ишқорийлиги даражаси СанПин 0366-19 талабига кўра меъёрдан юқорилигини экспертиза натижалари аниқлади. . Бундай маҳсулотлар истеъмолга яроқсиз ҳисобланиб, уларни мунтазам равишда истеъмол қилиб бориш инсон ҳаёти ва соғлиги учун хавфли ҳисобланади, турли ошқозон-ичак касалликларини келтириб чиқишига сабаб бўлади.
Нима сабабдан пахта ёғининг ишқорийлик даражаси юқори чиққан? Маълумотларга қараганда, бундай салбий ҳолат уни тайёрлаш жараёни, сақланиш тартиб-қоидаларига риоя қилинмаслик, яроқлилик муддати ўтгани, баъзида турли муддатларда тайёрланган ёғларни қўшиб қадоқлаш каби ҳолатлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Агентлик томонидан бундай камчиликларни баратараф этиш юзасидан ваколатли органларга чора кўриш юзасидан хатлар юборди.
Яна рўзғорда кўп фойдаланиладиган маҳсулотлардан бири – ош тузи. Унинг сифати ва хавфсизлиги қандай? Ўтказилган синовларда “Денгиз ош тузи” ва “Ягона ишонч” каби маҳсулотларда йоднинг улуши меъёрдан камлиги, аксинча “Орзу” ош тузи намунасида эса йод миқдори меъёридан кўплиги (63,5) аниқланган бўлиб, СанПин 0366-19 талабига жавоб бермади. Энди кўпчиликда савол туғилиши мумкин: тузда йоднинг миқдори кўплиги аслида фойдали эмасми? Тиббиёт мутахассисларнинг фикрига қараганда, тузда йод миқдори белгиланган талабларга мос бўлиши, йоднинг ортиб кетиши инсон организмининг қалқонсимон безида патологик ўзгаришларга олиб келиши мумкин.
Бугунги кунда Агентлик томонидан 6 та маҳсулот бўйича “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида иш қўзғатилди.
♦Аҳоли ва кенг жамоатчилик учун товарлар сифати ва хавфсизлиги доимий хабардорлиги таъминланганми?
Агентлик томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилаётган назорат харидлари ва экспертиза натижалари ҳақида аҳоли ва кенг жамоатчилик “Тошкент” телеканалининг “Сифат назорати” телекўрсатуви, шунингдек, Агентликнинг https://consumer.gov.uz/ веб-сайти орқали хабардор қилинмоқда.
♦ Хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларни ишлаб чиқарувчиларнинг очиқ электрон маълумотларини қаердан олиш мумкин?
Агентликнинг расмий-веб сайтида Хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларни ишлаб чиқарувчиларнинг очиқ электрон маълумотлар базаси (https://consumer.gov.uz/faoliyat/nazorat-xaridi-tadbirlari/havfsiz-oziq-ovqat-mahsulotlari-va-ularni-ishlab-chiqaruvchilarning-ochiq-elektron-malumotlar-bazasi/) йўлга қўйилган бўлиб, унда амалга оширилган назорат хариди чора-тадбирлари ҳақидаги маълумотлар бериб борилмоқда.
Чоп этилган маълумотлар қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:
– маҳсулотнинг савдо номи;
– ишлаб чиқарувчининг юридик номи;
– сотиб олиш ва синов саналари;
– лаборатория текшируви натижалари.
Агентлик стандарт талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар сотилиши ҳолатларини аниқлаш ҳамда ваколатли вазирлик ва идоралар билан уларни ишлаб чиқарилишини ва сотилишини тўхтатиш бўйича чоралар қабул қилиш юзасидан ишларни давом эттиради.
Маълумот ўрнида. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 февралдаги ВМҚ-59-сонли қарори билан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига чакана савдо объектларида сотиладиган халқ истеъмоли товарлари сифати ва хавфсизлигининг белгиланган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлиги юзасидан тизимли равишда ўрганишлар ўтказилишини таъминлаш юклатилган.
5,045