Деярли барча аёллар қадди-қомати ва ташқи кўриниши бекаму кўст бўлишини хоҳлайдилар. Шу мақсадда улар туғма ёки орттирилган эстетик нуқсонларни тузатишга ҳаракат қилишлари табиий. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига жорий йилнинг сентябрь ойи охирида муваффақиятсиз жарроҳлик қурбонига айланган истеъмолчи мурожаат қилди.Шу йилнинг ёз ойида истеъмолчи ринопластика яъни бурунни пластик жарроҳлик йўли орқали тўғирлатишга қарор қилди. «IBATOV’S CLINIC» МЧЖ клиникаси шифокорига бу ҳақда мурожаат қилди. Аммо жарроҳликданкейинги қийшайиб қолган бурунини кўрган бемор қаттиқ ранжиди.
Бемор мазкур жарроҳликка сарфланган пулни қайтаришларини сўраб бир неча бор пластик жарроҳликни амалга оширган шифокорга мурожаат қилади. Мурожаатлар самара бермагач, умидсизликка тушган истеъмолчи Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилади.
Агентлик томонидан «IBATOV’S CLINIC» МЧЖга хат юборилди. “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасида истеъмолчининг товар (иш, хизмат) хавфсиз бўлишига талаб қўйиш ҳуқуқи белгилаб берилган. Унда истеъмолчи ўзи сотиб олган товар (иш, хизмат) санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлишига ва унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлиши таъминланмаганлиги оқибатида истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар ушбу Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ қопланиши лозим. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги кўмаги натижасида бу масала истеъмолчи фойдасига ҳал қилинди яъни 26 миллион сўмдан ортиқ маблағ истеъмолчига қайтарилди.
Ҳурматли истеъмолчилар, мулкий зиён ва истеъмолчи кўрган зарарнинг ўрни қопланишидан қатъи назар истеъмолчи суд орқали ўзига етказилган маънавий зарарни суд орқали қопланишини талаб қилишга ҳақли. (Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддаси.)
67,809