Барча билимлар қаторида ҳуқуқий билимнинг ҳам аҳамияти катта. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ана шундай мақсадларда Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 134-мактаб ва Янгиҳаёт туманида жойлашган 329-мактабларда “Молиявий саводхонлик” мавзусида ўқув семинарини ўтказди.
Сир эмаски, аслида ҳар бир ўқувчи-ёшлар банк омонатларидаги жамғармалар ва уларнинг фоизлари афзаллиги ҳақида тасаввурга эгалар, десак асло янглишмаймиз. Кредитлар мавзусига келсак, бугунги кунда кўплаб оилалар банкнинг кредит хизматларидан фойдаланиб, уй-жой, автомотранспорт воситалари, уй жиҳозлари ҳамда маиший техника воситаларини харид қилаётганликлари боис ёшлар ҳам бу соҳани бирмунча тушуниб етадилар.
Аммо баъзида ҳуқуқбузилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай вазиятда ёшлар қандай йўл тутиши керак? Тадбир давомида Агентлик мутахассислари томонидан ўтказилган тақдимот орқали банк омонатлари орқали жамғармаларни шакллантириш, фоизларни ҳисоблаш тартиби, масъулиятли қарз олиш ва ижобий кредит тарихини шакллантириш, рақамли банк маҳсулотлари ва хизматлари, шунингдек, молиявий хавфсизликни таъминлаш ва молиявий хизматлар истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги тартиб-қоидалар мисоллар ёрдамида тушунтириб ўтилди. Тадбир қизиқарли савол-жавобларга бой бўлди.
8,939