Инсоннинг маънавий камолотини таъминлашда китоб сингари кучли қудратга эга восита йўқ.Аслида китоб – умр йўлларини ёритувчи сўнмас нур, инсон ҳаётига мазмун бахш этувчи саодат манбаи, унга ҳар қандай вазиятда ҳам ҳамроҳ бўлувчи содиқ дўст ҳисобланади. Шу ўринда ҳар бир инсон қайси мазмундаги китоблар қизиқтиргани ва ўтган умри давомида қанча китоб ўқиганини сарҳисоб қилиб кўрса китоб унга ҳақиқатан ҳам нажоткор ва яқин дўст бўлганлигини англаб етади.
“Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти ташаббуси билан нашр қилинган китоблар тақдимоти ҳамда “Маънавият ва китобхонлик соати” мавзуида ташкил этилган тадбирда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳузурида ташкил этилган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ходимлари иштирок этишди.
Тадбирни кириш сўзи билан очган Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Асадулла Қаюмов йиғилганларга китобхонлик маданияти ва унинг аҳамияти ҳақида гапириб ўтди. Хусусан, Қўмита марказий аппарати ва ҳудудий бошқармаларида, шунингдек Қўмита ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигида ташкил этилган кутубхона бурчакларида бугунги кунда 2000 дан ортиқ китоблар мавжуд. Уларни орасидан соҳага оид, бадиий, ижтимоий-сиёсий адабиётлар ва даврий нашрлар мавжуд бўлиб, улардан 500 дан ортиқ ходимлар ушбу адабиётлардан фойдаланиб келишмоқда.
Китобхонлик соатида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов ва Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси директори Азизжон Иминовлар томонидан мамлакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ва Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида” қабул қилинган Қонуннинг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтилди.
Шундан сўнг Қўмита тизимида ўтказилган “Энг фаол китобхон” танловида фаол иштирок этган Қўмита ва Агентликнинг бир қатор ходимларига фахрий ёрлиқлар топширилди. Тадбир барча учун фойдали бўлди ва қизиқарли савол-жавоблар асосида ўтди.
14,189