Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсиз сақланмаса…
Бугун юртимизда аномал иссиқ кузатилмоқда. Жазирама об-ҳаво шароитида нафақат одамларнинг ўзи, балки улар истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ҳам муҳим ҳисобланади.
Ўзларининг турли озиқ-овқат маҳсулотларини тортиқ этаётган бозорлар, йирик савдо марказлари, супермаркет ва дўконлардаги шарт-шароит қандай, истеъмолчи манфаатлари ҳимоя қилинганми? Уларни сақлаш шароитлари ва харидорларга сотиш жараёни хавфсизлик талабларига мос келадими?
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ўрганиш натижалари ҳар доим ҳам ижобий эмаслигини кўрсатмоқда. Агентликнинг ҳудудий тузилмалари томонидан республикадаги тўққиз мингга яқин дўкон, киоска, ларёк ва павильонлар каби бошқа савдо объектларида ўрганиш ишлари олиб борилди. Хусусан, 1033 та яъни 12 фоиз ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 январдаги 75-сонли қарорида белгиланган чакана савдо қоидалари талаблари бузилган. Шундан 764 та ҳолатда озиқ-оқат маҳсулотларини қуёш тиғида сақлаш фактлари аниқланди. Аслида озиқ-овқат товарларини витринада қуёш нурлари ва ёғингарчиликларнинг тўғридан-тўғри таъсирига учрайдиган ҳолатда сақлашга ва жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, махсус жиҳозланмаган 50 та савдо шохобчаларининг расталарида гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари сотилаётгани ўрганишларда маълум бўлди. Савдо қоидаларига асосан гўшт-сут, балиқ, қандолатчилик маҳсулотлари (бисквит тортлар, пирожноелар ва бошқалар), ярим тайёр маҳсулотлар, тайёр масаллиқлар ва бошқа тез бузиладиган маҳсулотларни сотишга фақат совутиладиган пештахталар, витриналар бўлган тақдирда рухсат берилади. 45 та ҳолатда эса тухум маҳсулотлари сақлаш меъёрларига амал қилинмаган юқори ҳароратда, қуёш тиғида сотилаётганлиги кўзга ташланган. Ачинарлиси, савдо дўконлари пештахталарида 58та ҳолатда ювиш воситалари, нон, ун ва бошқа ун маҳсулотлари ёнма-ён жойлаштирилган, 3 та ҳолатда музлатгичлар етишмаслиги, 10 та ҳолатда вазнлаб сотиладиган маҳсулотлар очиқ ҳолатда расталарда сотувга қўйилган. Тартиб-қоидага асосан янги резавор мевалар усти енгил газлама (масалан, дока ва ҳоказолар) билан ёпилиши керак. 103 та ҳолатда бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари тартибсиз жойлаштирилганлиги аниқланди.
Иссиқ ҳавода озиқ-овқат хавфсизлиги муҳим роль ўйнайди. Зеро, бузилган озиқ-овқат, айниқса, болалар ва қарияларда қатор касалликларни келтириб чиқариши мумкин.
Сотувчи техник регламент ёки стандарт талабларига мувофиқ товарларни қабул қилиб олишда, сақлашда, савдо олди тайёргарлигида ва сотиш пайтида уларнинг сифати ва хавфсизлиги савдонинг зарур шарт-шароитларини, шунингдек харидорларнинг товарларни танлаш имкониятини таъминлайдиган зарур жойлар, асбоб-ускуналар ва инвентарга эга бўлиши шарт.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан аниқланган қонунбузарликлар бўйича тадбиркорлик субъектларига камчиликларни бартараф этиш, келгусида озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш шароитлари ва яроқлилик муддатининг жиддий бузилишига йўл қўймаслик мақсадида кўрсатмалар берилди.
Ботир ШАРИПОВ,
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги
бошқарма бошлиғи.
17,760