Бугунги кунда Тошкентдаги бир қанча кўп қаватли турар-жой биноларининг деворларига ҳатто узоқдан ҳам кўриниб турувчи ёрқин рангдаги реклама воситаларини жойлаштирилганлигини кузатишимиз мумкин. Булар айниқса, пойтахтнинг марказий кўчаларида бўлиб, унда дунёдаги энг йирик брендларидан тортиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рекламаларини учратиш мумкин.
Ҳа, бундай рекламалар реклама берувчи учун қулай ва фойдалидир, аммо мулкдорларнинг ўзи бунга розими? Қонунда бу ҳақда нима дейилган ва бу талаблар амалда бажарилаяптими?
Мамлакатимизда реклама саноатининг ривожланиши билан реклама қурилмаларини баланд биноларга жойлаштиришга талаб ортиб бормоқда. Кўп қаватли уйлар деворларининг юзасида деворий реклама конструкцияларини жойлаштириш бўйича стандартлар мавжуд эмас. Бунда, энг қулайи деразасиз уйларнинг девор юзалари ҳисобланади. Айниқса, уйлар йўл бўйида жойлашган бўлса ундан яхши.
ТУРАР-ЖОЙ БИНОЛАРИДА РЕКЛАМА ПЛАКАТЛАРИНИ ЖОЙЛАШТИРИШНИНГ ҚОНУНИЙ ШАРТЛАРИ ҚАНДАЙ?
Бинолар, конструкциялар, ёки уларнинг мажмуалари (том, фасад, деворлар) юзасига ташқи реклама қурилмаларини ўрнатиш ушбу объектларни ўз балансида сақловчи билан шартнома асосида келишилган бўлиши керак.
Бундай шартнома мазкур уйларда яшовчилар билан умумий йиғилиш ўтказиш орқали тузилади. Шундан кейин фақат 50% дан кўпроқ овоз тўплаганда розилик берилади ва реклама воситасини жойлаштириш ҳуқуқига эга бўлади.
Шу ўринда, кўп қаватли уйнинг деворларининг юзасида деворий реклама конструкцияларини ўзбошимчалик ва тегишли шартнома қилмасдан жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
Реклама тарқатувчининг бундай рекламадан оладиган фойдаси аниқ ва тушунарли, аммо кўп қаватли бинонинг деворига реклама афишасини жойлаштиришга рози бўлган аҳолига бундан қандай фойда?
Масалан, Ташқи рекламани жойлаштирганлиги учун тўланадиган пул маблағлари ҳисобидан уйнинг том қисми, кириш йўлаклари, уй атрофини ободонлаштиришга сарфланиши мумкин.
Ҳурматли истеъмолчилар, қонунга мувофиқ, фақат сизнинг розилигингиздан кейин кўп қаватли уйнинг деворларининг юзасида деворий реклама конструкцияларини жойлаштириш мумкин. Ва сиз ташқи рекламани жойлаштирганлик учун тўланадиган пул тушумлари тўғрисида хабардор бўлишингиз, шунингдек уларнинг харажатлари тўғрисида ҳисобот талаб қилишингиз мумкин. Ушбу маълумотни сизнинг уйингизга хизмат қиладиган бошқарув компаниясидан олишингиз мумкин.
Ёдда тутинг, истеъмолчи қонун ҳимоясида!
11,869