Огоҳ бўлинг!
Йўл юзасида сотилаётган тарвуз-қовунлар сифати кафолатланганми ёки салқинлантирувчи, чанқовбосди ичимликлар-чи? Аммо қулай бўлганлиги сабаб кўпчилик уларни сотиб олаяпти. Шу тўғрими?
– Истеъмолга яроқсиз ва лаборатория кўригидан ўтмаган полиз маҳсулотлари ва уй шароитида тайёрланган айрон,гўжалар инсон ҳаёти ҳамда саломатлиги учун хавфли ҳисобланади. Бугунги кунда эса озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айланган. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳи таркибида Тошкент шаҳрини воҳа вилоятлари билан боғлаб турувчи асосий автомагистрал ва катта йўл ёқасида жойлашган савдо шохобчаларида ўрганишлар олиб борди. Бундан кўзланган мақсад – хавфсизлиги кафолатланмаган, истеъмолга яроқсиз ва лаборатория кўригидан ўтмаган маҳсулотлар сотилишининг олдини олишдир.
Ўрганишлар давомида қуёш тиғида, санитария эпидемиологик хулосалари бўлмаган қовун-тарвуз ва бошқа полиз маҳсулотлари сотилаётгани маълум бўлди. Бундан ташқари, умуман сотилиши тақиқланган, уй шароитида тайёрланган айрон,гўжа, қумрон, ўрик шарбати ва бошқа ичимликлар сотилаётган ҳолатлар ҳам кўзга ташланди. Аслида тадбиркорлик билан шуғулланаётган ўз-ўзини банд қилган фуқаролар ҳам ўз маҳсулотларини сифатини тасдиқловчи хулосалари мавжуд бўлганидагина сотувга чиқаришлари мумкин.
Таъкидлаш лозимки, савдо жойлари саранжом ва фойдаланиладиган ашёлар эса озода бўлиши шарт. Маҳсулотларини музлатгичсиз, тўғридан тўғри қуёш тиғида сотилишига йўл қўйилмайди. Ишчи гуруҳи томонидан ноқонуний сотув билан шуғулланаётган, савдони санитария-гигиена ҳолатларига хилоф равишда юргизаётган сотувчиларга тегишли тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасига мувофиқ, истеъмолчи товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлишини ҳамда товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлишини талаб қилишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, озиқ-овқат маҳсулоти ҳамда уни тайёрлашга мўлжалланган ва фойдаланганда озиқ-овқатга тегиб турадиган ускуналар озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигига доир нормалар ва қоидалар талабларига мослиги баҳоланганидан ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин ишлаб чиқарилиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши, реализация қилиниши ва ишлатилиши мумкин.
Ҳурматли истеъмолчилар! Агентлик Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг қўшма қарори билан тасдиқланган “Озиқ-овқат маҳсулотларига, уларни ишлаб чиқариш воситаларига ва халқ истеъмоли молларига санитария-эпидемиологик хулоса бериш тартиби тўғрисидаги ЙЎРИҚНОМА”га мувофиқ, санитария-эпидемиологик хулосаси бор озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш ва истеъмол қилишингизни тавсия этади. Сабаби ушбу хулоса олинган маҳсулотлар маълум технологик жараёнларда тайёрланган ва сифати кафолатланган маҳсулот ҳисобланади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бош мутахассиси Умида Мансурова.
20,266