Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун истеъмолчи билан тадбиркор ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи ҳужжат ҳисобланади.
Қонуда истеъмолчи товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиши, товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ҳуқуқига эгалиги белгилаб берилган.
Шунингдек, ишлаб чиқарувчи ўз корхонасининг номи ва жойлашган (юридик) манзили ҳақида истеъмолчини хабардор қилиши шарт. Бундай маълумот ишлаб чиқариш маркаси ёки товар белгисида кўрсатилган бўлиши ёхуд бошқа усулда тақдим этилиши лозим.
Сотувчи (ижрочи) ўз ташкилотининг фирма номи, унинг жойлашган (юридик) манзили ва иш тартибини истеъмолчиларга кўринарли жойда, қулай тарзда лавҳада акс эттириши лозим.
Жумладан, лавҳалар қуйидаги тартибда бўлиши лозим: ташкилотнинг фирма номи (агар хусусий тадбиркор бўлса- Ф.И.Ш.), унинг жойлашган (юридик) манзили ва иш тартиби ҳақидаги маълумотлар.
Масалан:
“Музаффар ота фарзандлари”
масъулияти чекланган жамияти ёки Хусусий тадбиркор “Исроилов Исроил Исроилович” Қарши шаҳри, Усмон Носир кўчаси 15 уй. Иш тартиби: соат 9:00-20:00 тушлик: 13:00-14:00гача. |
Таъкидлаб ўтиш жоизки, “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунинг 20-моддасига мувофиқ ушбу лавҳа давлат тилида бўлиши керак.
Қонуннинг мазкур моддасида лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот воситалари республика давлат тилида ёзилади ва эълон қилинади ҳамда рус ва бошқа тилларда таржимаси такроран берилиши мумкин.
Яьни, давлат тилидаги ахборот бошқа тилда, масалан рус тилида қўшимча равишда тўлдирилишига ижозат берилади.
“Музаффар ота фарзандлари”
масъулияти чекланган жамияти Қарши шаҳри, Усмон Носир кўчаси 15 уй. иш тартиби: соат 9:00-20:00 тушлик: 13:00-14:00. |
Общество с ограниченной ответственностью
“Музаффар ота фарзандлари” Город Карши, улица Усмана Насира, дом 15. режим работы: 9:00-20:00 обед: 13:00-14:00. |
Хуллас, истеъмолчи ушбу пешлавҳадаги маълумот билан танишганидан сўнг дўконга киради. Шундан сўнг маҳсулотлар нархномалари билан танишишга тўғри келади.
Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг 20-бандига асосан сотувчи-ходим товарнинг номи, унинг сорти, маркаси, модели, типи, товарнинг оғирлиги, ўлчами ёки бирлигига нархи кўрсатилган ҳолда сотиладиган товарларнинг ягона намунадаги ва аниқ расмийлаштирилган нархномалари бўлишини таъминлашга мажбурдир.
Масалан:
Товар номи: табиий сут
Бренди: “Мусаффо” Сорти: 1-нав, Ёғлиғлиги: 1% Оғирлиги: 1 литр Нарҳи: 9000 сўм. |
Юқорида таъкидлаганимиздек, лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин.
Шу муносабат билан нархномалар бошқа тилларда ҳам такрорланишига йўл қўйилади.
Юқорида таъкидлаб ўтилган барча талаблар, яьни истеъмолчилар учун ахборот давлат тилида берилиши меъёрий ҳужжатлардан 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда 2003 йил 13 февралдаги “Чакана савдо қоидалари”да акс эттирилмаган.
Хусусан, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 4-модда (Истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари), 5-модда (Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи), савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумот), 6-модда (Товар (иш, хизмат)лар тўғрисидаги маълумот) ва 8-модда (Истеъмолчининг савдо ва бошқа хизмат кўрсатиш турлари соҳасида шартнома тузиш ҳамда сотиб олинаётган товар (иш, хизмат) сифатини текшириш ҳуқуқи)ларда истеъмолчиларга ахборот ва маълумотлар давлат тилида берилиши юзасидан талаб қўйилмаган.
Шу мақсадда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан мазкур қонунга қўшимча ва ўзгартишлар киритилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди.
Унга кўра, товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида маълумот давлат тилида берилиши;
ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи), савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумот ҳам давлат тилида акс эттирилиши лозимлиги;
ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида давлат тилида ёки давлат тили билан бирга бошқа тилларда ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги;
истеъмолчи билан ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ўртасида тузиладиган ёзма шартномаларнинг матни давлат тилида расмийлаштирилиши ва томонларнинг келишувига мувофиқ бошқа тилларда ҳам тузилиши мумкин.
Бу эса ўз навбатида “Давлат тили ҳақида”ги ва “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг уйғунлашувига, яьни лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари, умуман истеъмолчилар учун ахборотларнинг давлат тилида расмийлаштирилиши ва эълон қилиниши ҳамда уларни бошқа тилларда ҳам таржимасини бериш имконини беради.
Дилшод АЗИМОВ,
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директорининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.
107,119