Андижон шаҳридаги “Navro’z Mall” савдо мажмуасида жойлашган “Idea” маиший техника савдо дўконидан муддатли тўлов асосида сотиб олинган янги мобиль телефонининг сим карта жойлаштириш қисми яхши ишламади. Уни очиш ҳам, ёпиб қўйиш ҳам анча мушкуллик келтирди. Катта қийинчилик туғдирган ушбу телефонга ҳатто битта сим картани қўйишнинг иложи бўлмади. Нозиккина, аммо асосий қисми ишламаган бу телефонини сифатлисига алмаштиришга келган истеъмолчини сервис хизматига юборилди. Орадан 1 ойдан ортиқ вақт ўтишига қарамай, телефондан дарак бўлмади…
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Андижон вилояти ҳудудий тузилмасига Шаҳрихон туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.А.дан тушган мурожаат ана шу мавзуда бўлди. Ўрганишлар давомида сотувчи томонидан нуқсонли товар таъмирлатиб берилмагани маълум бўлди. Шу билан бир қаторда истеъмолчининг алмаштириб олиш ҳақидаги талаби ҳам бажарилмаган. Истеъмолчи эндиликда товарга тўлаган пулига куйиб қоладими?
Аслида Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддасига кўра, истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда унинг ҳуқуқлари
Нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақли:
товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;
товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш;
товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;
харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;
шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплашга ҳақли.
Мазкур тартиб-қоидалар ҳақида “IDEA CONCEPT GROUP” МЧЖнинг маъсул ходимларига қонунда кўрсатиб ўтилган истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонунний манфаатлари юзасидан батафсил тушунтирган ҳолда юборилган сўров ва тушунтиришлардан сўнг носозлиги кузатилган мобиль телефон ҳудди шу русумдаги телефонга алмаштириб берилиши таъминланди.
10,564