8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни
Ҳозирги кунда истеъмолчи ҳуқуқи тушунчаси ва у билан боғлиқ муносабатлар дунё миқёсида катта аҳамият касб этмоқда ҳамда шу билан биргаликда ҳуқуқий тизимнинг ажралмас қисмига айланди.
Жаҳон мамлакатларида ХХ асрнинг 90-йилларига келиб демократия ва инсон ҳуқуқлари ривожланиши асносида истеъмолчи ҳуқуқлари соҳасига эътибор қаратила бошланди.
Шунингдек, собиқ Совет Иттифоқининг парчаланишидан кейин пайдо бўлган давлатларда, жумладан, мамлакатимизда демократик янгиланишлар юзага келди.
Шу аснода, истеъмолчи ҳуқуқи тизимининг мамлакатимизда шаклланишида Конституция муҳим роль ўйнади.
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциямиз Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва фаровон фуқаролик жамиятини барпо этишнинг мезони сифатида қонунчилик тизимини, барча ислоҳотлар йўналишини белгилаб берди.
Эътиборли жиҳати шуки, постсовет давлатлари орасида биринчи ва ягона бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “истеъмолчи ҳуқуқи устуворлиги” тамойили ўз ифодасини топган.
Шунингдек, Осиё, умуман, дунё бўйича “истеъмолчи ҳуқуқи” тушунчасини ўз Конституциясида белгилаб қўйган давлатлар саноқли бўлиб, ўрганишлар давомида маълум бўлгани Туркия ва Жанубий Корея ҳисобланади.
Дунёнинг энг ривожланган ва ривожланаётган давлатларидан АҚШ, Хитой, Япония, Германия, Франция, Малайзия, Сингапур, Россия, Озарбайжон Конституцияларида ҳам “истеъмолчи ҳуқуқи” ва унинг устуворлиги акс эттирилмаган.
Туркия Конституциясининг 171-моддасида, “давлат миллий ва иқтисодий манфаатларни инобатга олиб, истеъмолчиларни ҳимоя қилиш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун олдиндан барча зарур чораларни кўришлиги”; 172-моддасида, “давлат истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича барча чораларни кўриши” белгиланган.
Жанубий Корея Конституциясининг 124-моддасида “давлат қонунчиликда кўрсатилган талаблар доирасида маҳсулотлар сифатини яхшилаш ва истеъмол соҳасида фаолиятни тартибга солиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини кафолатлаши” белгилаб қўйилган.
Ушбу икки мамлакатнинг асосий қонунида кўрсатилган моддаларни таҳлил қиладиган бўлсак, Ўзбекистон Конституциясидан фарқли равишда уларда “истеъмолчи ҳуқуқи устуворлиги” айнан конституциявий тамойил сифатида белгиланмаган.
Конституциямизнинг 53-моддасида, давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлаши белгилаб қўйилган.
“Кафолатлаш” нима дегани ўзи? “Ўзбек тили изоҳли луғати”да қайд этилишича, “кафолат” арабча сўз бўлиб, ўз елкасига ниманидир ортмоқ, юкламоқ, шунингдек, ишонтириш, таъминламоқ каби маъноларни билдиради.
“…ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилиши” жумласи эса ўз-ўзидан равшанки, тенгликни, тенглик эса адолатни англатади. “Адолат” тушунчасига мутафаккир ва машҳур воиз Ҳусайн Воиз Кошифий шундай таъриф беради: “Адолатнинг маъноси халқнинг ҳуқуқий тенглигидир”.
Конституциямизнинг 16-моддасида, мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмаслиги, бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмаслиги белгиланган бўлиб, “истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб…” деган жумлада ҳам республикамизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устунлиги конституциявий норма сифатида ўрнатилганлиги ўз ифодасини топган.
Шундан келиб чиқиб, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасида қонунчилик ҳужжатлари ушбу Қонунда белгиланган истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўйиши, уларни ҳимоя қилишнинг кафолатларини камайтириши мумкин эмаслиги билан давлат томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини кафолатловчи восита сифатида ушбу қонун қабул қилинганлигини билдириб ўтган.
Зеро, ҳар бир инсон борки, унинг шахсий эҳтиёжлари мавжуд ва албатта, истеъмолчи – бу шунчаки ниманидир сотиб олиб, ана шу зарурат учун ишлатмайди, балки оқибатда маънан ва руҳан манфаат кўради.
Ҳар бир истеъмолчининг эътирози, қайсидир кўрсатилган хизматдан норозилиги – ўша хизмат кўрсатувчи мансуб бўлган тармоқ ёки соҳада маълум бир камчилик ва муаммолар мавжудлигини англатади. Ўша шикоятларга ечим топилиб, келгусида такрорланмаслиги таъминланиши эса бир ёки бир неча нафар кишини эмас, балки бутун жамият равнақига, хотиржамлигига сабаб бўлади.
Асосий Қонунимизда “истеъмолчи ҳуқуқи устунлиги” конституциявий тамойил, меъёрий қоида сифатида қатъий белгилаб қўйилганлигининг мақсади ҳам шу азиз Ватанимизда яшаётган ҳар бир ватандошимизни рози қилиш, халқ фаровонлигини таъминлаш деб ҳисоблаш мумкин.
Шохбоз Зарипов,
Истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш агентлиги бош мутахассиси.
48,124