Саҳифа эксперти: Абдусамад МАРАЗИКОВ, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий тузилмаси бошлиғи
- Мен интернет дўкони иловасидан ўзимга устки кийим танладим ва 2 дона курткани 1 млн. 565 минг 500 сўмга сотиб олдим. Лекин маҳсулот қўлимга олиб келиб берилгач кўрдимки, у мутлақо сифатсиз ва пулига тўғри келмасди. Бундан ташқари, менга олиб келиб берилган курткалар расмдагидек эмас, чоклари нотекис тикилган, хуллас, жуда сифатсиз эди. Буни кўргач, дарҳол хизмат кўрсатувчи билан боғландим ва пулларимни қайтариб беришини сўрадим. Аммо хизмат кўрсатувчи томонидан пулим қайтарилмай, турли баҳона-важлар кўрсатиб келиняпти.
Ш.М. Фарғона вилояти Фарғона шаҳри
— Ҳудудий тузилма ходимлари мазкур шикоят юзасидан Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган “ORIENTSWISS TASHKENT” МЧЖ билан боғланиб, шикоят сабабини ўрганиб чиқишди. Ўрганишларда ҳақиқатдан ҳам, истеъмолчи мурожаатларда билдирилган камчиликлар аниқланди. Шундан сўнг икки дона устки кийимга тўланган пул маблағ фуқарога қайтариб берилишига эришилди.
“4 МИЛЛИОН СЎМГА “КУЙИБ ҚОЛАМАНМИ?..”
- Яқиндагина хонадоним учун техника харид қилгандим. Улар орасида 4 000 000 сўмга (кредит асосида) олинган музлатгич ҳам бор эди. Аммо музлатгичнинг тез орада носозлиги маълум бўлди ва бу масала бўйича дўкон эгасига бир неча маротаба мурожаат қилдим. Лекин музлатгични янгисига алмаштириш тугул, ҳатто ўзимникини ҳам тузаттириб беришмаяпти. 4 миллион кичкина сумма эмас, ахир. Мен шунча пулга куйиб қоламанми энди?..
Ф.С. Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани
— Ушбу мурожаатни ўрганиш давомида ҳақиқатдан ҳам, “Имкон” савдо дўконидан муддатли тўлов асосида музлатгич сотиб олингани, қисқа муддатда носоз ҳолатга келгани, лекин савдо дўкон томонидан истеъмолчига музлатгич таъмирлаб ёки алмаштириб берилмаётганлиги маълум бўлди. Ҳудудий тузилма ходимларининг саъй-ҳаракати натижасида “Имкон” савдо дўкони томонидан музлатгич сифатли ва янгисига алмаштириб берилди.
13,256