Маълумки витаминлар, минераллар ва микроэлементлар инсон организимида муҳим роль ўйнайди. Бугунги кунда инсон саломатлиги учун витамин етишмовчилиги нафақат баҳорда, балки ёз фаслида ҳам салбий омил ҳисобланади. Ушбу мақолада сиз витаминлар ва минералларнинг, шу жумладан микронутриентларнинг қизиқарли ва фойдали хусусиятлари ҳақида билиб оласиз.
Микронутриентлар инсон организимига кам миқдорда (одатда кунига 100 мг дан кам) зарур бўлган элементлардир. Микронутриентлар таркибига инсон танаси ўз-ўзидан ҳосил қила олмайдиган микроминераллар ва витаминлар киради. Улар метаболизм, инсон мияси ва асаб тизимининг ишлаши, қон ивишининг олдини олиш ва иммун тизимининг ривожланишида муҳим роль ўйнайди. Қисқа қилиб айтганда, инсон танасида бирон бир жараён микроэлементлар иштирокисиз ўтмайди.
Витаминлар ва микроминералларнинг тўлиқ ёки ҳатто қисман етишмаслигининг оқибатлари жиддий муамоларга олиб келиши мумкин ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши табиий ҳол. Иммунитетнинг заифлиги, диққат-эътиборнинг бузилиши ва чарчоқ каби аломатлар микроэлементлар етишмаслигининг аломатидир. Шунинг учун иммунитет тизимини мустаҳкамлаш ва организимни соғлом ҳолатда сақлаш учун витаминларни қабул қилиш жуда муҳимдир.
МАҲСУЛОТЛАРДА МИКРОНУТРИЕНТЛАР
Юқорида айтиб ўтилганидек, ўттизга яқин микронутриетнларни инсон организми мустақил равишда ишлаб чиқара олмайди, бунинг учун биз уларни озиқ-овқат билан истеъмол қилиш орқали тўлдиришимиз керак. Темир, магний, цинк, йод, В 6, C, Е ва D каби микроэлемент ва витаминлар иммунитетни сақлашга яхши ёрдам беради.
В6 витамини – банан, авокадо, тарвуз,сабзи, нўхат, картошка, товуқ гўшти.
C витамини – лимон, апельсин, олма, қовун, узум, помидор, лавлаги, сабзи, бодринг, яшил қалампир, қўзиқорин, наъматак, чаканда ёғи (облепиха).
Е витамини – ўсимлик ёғи, кунгабоқар пистаси, бодом ёғи, ер ёнғоғи ёғи.
D витамини – товуқ тухумининг сариғи, балиқ, соя сути, пишлоқ.
Темир – мол гўшти, товуқ гўшти, туна балиқ, товуқ тухуми, жавдар нон, ҳинд ёнғоғи, исмалоқ.
Магний – кунжут уруғи, бодом, жўхори кепаги, арпа, гречка, кунгабоқар уруғлари.
Синк – қарағай ёнғоқлари, буғдой кепаги.
Йод – денгиз пиёзи, ловия, буғдой ёрмаси, арпа; треска балиғи, калмар, турп.
ҚОНУН НИМА ДЕЙДИ?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 ноябрдаги “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги Қонунини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари ҳақидаги 260-сонли қарорига биноан 2011 йилдан бошлаб биринчи навли буғдой уни ва ош тузи фақат микронутриентлар билан бойитилган шаклда ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек. ушбу қарорга биноан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикасига фақат биринчи навли буғдой уни ва микронутриентлар билан бойитилган ош тузи импорт қилиниши белгиланган.
Бундан ташқари 2013 йил 14 майда киритилган 129-сон ўзгартиришларга мувофиқ унни фортификация1 қилиш миллий дастурини амалга ошириш бошланганидан бери ун фабрикалари лабораторияларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва микроозиқавий моддаларни сотиб олиш учун 8,3 миллиондан ортиқ АҚШ доллари миқдордаги грантлар ва бюджет маблағлари ажратилди. Ҳар йили ўртача 150 тонна микронутриентлар сотиб олинади, бу эса республикада ишлаб чиқариладиган 1,25 миллион тонна биринчи навли унни бойитиш имконини беради. Микроэлементларнинг инсон рационига мунтазам равишда қўшилиши саломатликни сақлаш ва мустаҳкамлашнинг оддий ва жуда самарали усулидир.
ҚИЗИҚАРЛИ МАЪЛУМОТ
Қадимда денгизчиларни қароқчилар билан тўқнаш келишдан кўра кўпроқ қўрқитган тарихий цинга (лавша) касаллиги одамларда C витаминининг етишмаслиги туфайли келиб чиқган. Гиппократ XVII асрда касаллик аломатларини тасвирлаб берган. Ўша пайтда витаминлар фанга номаълум эди – уларни тиббиётда Нобел мукофоти лауреати Фредерик Хопкинс 1912 йилда кашф этган. Кейинчалик 1932 йилда С витамини топилган. Бизнинг даврда цинга касаллиги камдан–кам ҳолатларда учрайди
- 1) Унни фортификация қилиш бу таркибида темир моддаси бўлган премикс билан унни бойитиш
- жараёнини ўз ичига олади, бу микроэлементлар танқислиги муаммоларини ҳал қилишга имкон беради
- ва инсоннинг соғлиғини мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган мувозанатли овқатланиш учун зарурдир.
79,378