Жорий йилнинг 7 февраль куни (соат 9.17да) “Muxbir Daliyev телеграм” каналида “Газ, свет, сув коммунал истеъмол товарларини огоҳлантиришсиз ва асоссиз истеъмолдан узилишида мутасаддиларга қонунчиликда жавобгарлик борми?” деган савол билан мурожаат қилинган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги шуни маълум қиладики, газ таъминоти ташкилоти газ тармоқларида авариянинг олдини олиш ёки бартараф этиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш зарурати юзага келганда, истеъмолчи билан келишмасдан ва уни огоҳлантирмасдан ҳамда зудлик билан хабардор қилган ҳолда, табиий газни етказиб беришни тўхтатиш ёки чеклаш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига электр тармоғи хўжалиги объектларидаги аварияларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ёки одамлар хавфсизлигини таъминлаш ишлари билан боғлиқ кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш зарур бўлганда, истеъмолчи билан келишмасдан ва уни огоҳлантирмасдан, бироқ уни дарҳол хабардор қилган ҳолда электр энергиясини узатишни узиб қўйиш ёки чеклашга рухсат этилади.
(Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори иловаси билан тасдиқланган Табиий газдан фойдаланиш қоидалари ва Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари)
Ичимлик сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш марказлаштирилган тизимларидан фойдаланиш соҳасида эса сув қувурлари — канализация хўжалиги ташкилоти қуйидаги ҳолатларда олдиндан хабар қилмасдан сув узатишни тўлиқ ёки қисман тўхтатишга ҳақли:
ИСКХ ташкилотининг электр таъминоти тўхтатилганда;
табиий офатлар рўй берганда;
авария ҳолатларида;
ёнғин чиққан жойларга сув узатишни кўпайтиришга зарурат туғилганда.
Шунингдек, электр, газ ва ичимлик сувини режали узишда истеъмолчиларни огоҳлантирган ҳолда таъминотни қисман ёки тўлиқ тўхтатиш лозим.
(Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сон қарорининг 2-иловаси билан тасдиқланган Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш Қоидалари.)
Бунда, Етказиб берувчи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар учун тўлиқ ҳажмда жавоб беради.
4,691