Мамлакатимизда хусусий тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатиладиган бепул тиббий хизматлардан қандай фойдаланиш мумкин? Ўзбекистонда фуқароларнинг соғлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизмат олиш ҳуқуқи Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилган.
Республика қонунчилиги томонидан барча фуқаролар учун бепул ва кафолатланган асосий ҳамда аҳолининг айрим қатламлари учун қўшимча тиббий ёрдам кўрсатилиши белгилаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 1 апрель ПҚ-2863-сонли “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1 январига қадар барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилган.
Бунда бўшаган маблағлар, шу жумладан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга йўналтирилиши лозимлиги белгилаб қўйилган.
Хусусий тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатиладиган бепул тиббий хизматлар (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) фойдаланиш учун шахсни ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга мансублигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги (масалан, I гуруҳ ногиронлиги тўғрисидаги маълумотнома) асос бўла олади.
Бепул тиббий хизматларнинг турлари ва ҳажми хусусий тиббиёт муассасалари томонидан мустақил равишда белгиланади
Бунда бепул тиббий хизматлар ҳажми ва сарфланадиган маблағлар миқдори солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида ҳақиқатда бўшаган жами маблағларнинг 25 фоизи миқдоридан кам бўлмаслиги лозим.(Масалан, имтиёз натижасида 100 млн.сўм маблағ қолса, шунинг 25 млн. сўми бепул хизмат кўрсатиш учун сарфланади).
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар хусусий тиббий муассасаларда ойма-ой тақсимот асосида навбат бўйича кўрсатилади. Хусусий тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатилиши режалаштирилган бепул тиббий хизматлар йиллик ҳажмининг ойма-ой тақсимоти бўйича муассасага кириш ёки мижозлар (истеъмочи) учун қулай кўринадиган жойда маълумотлар жойланиши керак.
Бунинг учун ҳар бир ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро бепул тиббий хизматлардан фойдаланишнинг мавжуд шартлари ва имкониятлари ҳақидаги бундай маълумотлардан ўз вақтида воқиф бўлишлари ёки тиббий муассасасининг масъул ходими орқали сўраб билиши зарур.Ана шундагина истеъмолчининг соғлиқни сақлаш соҳаси ва тиббий хизматлардан фойдаланганда муаммоларга дуч келмаслиги аниқ. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, асосийси, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунда истеъмолчига кўрсатилаётган ҳар бир хизматлар белгиланган муддатда, тўла ҳажмда ва сифатли амалга оширилиши лозим.
А.Умматов, Агентликнинг ижтимоий ва молиявий хизматлар, шунингдек алоқа соҳасида
истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
бошқармаси бош мутахассиси.
215,970