ГЎШТ МАҲСУЛОТЛАРИНИ ҚАНДАЙ ТАНЛАШ КЕРАК?
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бош мутахассиси Умида МАНСУРОВА тавсияларидан бу саволга жавоб топамиз…
— Одатда гўшт ва гўшт маҳсулотларидан фойдаланган ҳолда турли таомлар, салатлар тайёрланади. Айниқса, байрам дастурхонида гўштли ассорти ва салатлар ўзига хос ўрин эгаллайди.
Гўштли маҳсулотлардан бири бу колбаса маҳсулоти ҳисобланади. Мамлакатимизда бу маҳсулотларни ишлаб чиқариш асосан ХХ асрнинг 70-йиллари ўрталарида бошланган. Колбаса маҳсулотларини тайёрлаш учун давлат томонидан “Гўшт ва гўшт маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент” (2018 йил 22 январь, 36-сон Ўзбeкистон Рeспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори) ишлаб чиқилган. Унга кўра, гўшт маҳсулотларининг қадоғи қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
⏩ ишлаб чиқарувчининг номи ва жойлашган жойи;
⏩ маҳсулот таркиби камайиш тартибида;
⏩ озиқ-овқат қўшимчалари (гуруҳ номи ва (ёки) индекс);
⏩ миқдор ва масса;
⏩ ишлаб чиқарилган (ишлаб чиқарилган) сана;
⏩ яроқлилик муддати;
⏩ сақлаш шартлари;
⏩ озиқланиш кўрсаткичлари;
⏩ техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатнинг белгиланиши;
⏩ фойдаланиш бўйича тавсиялар ва (ёки) чекловлар.
Мазкур талабларга жавоб бермайдиган колбаса маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз, аниқроғи, инсон саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин. “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан республикамизда ишлаб чиқарилиб, савдога қўйилаётган қадоқланган ва ўрамли озиқ-овқат маҳсулотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ёрлиқланган бўлиши керак.
Аммо кейинги пайтларда баъзи колбаса маҳсулотларининг сифати ва таркиби, уни инсон соғлигига таъсири турли мунозараларга сабаб бўлаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Булар маҳсулотга солинаётган турли ингредиентлар, ранг берувчилар ва таъм берувчи қўшимчалардир. Булар сифатли бўлиши шарт. Маҳсулотни узоқ сақлаш, таъмини хушбўй қилиш, рангини чиройли кўрсатиш учун меъёридан ортиқ бўлган қўшимчалар инсон саломатлигига зиён етказади.
ХАРИД ЖАРАЁНИДА ГЎШТ МАҲСУЛОТЛАРИНИ САҚЛАШ ШАРТЛАРИГА ЭЪТИБОР БЕРИНГ.
— Хўш, ўзи колбасалар қандай ҳароратда сақланади ва неча кунгача яроқлилик муддати белгиланади?
– Кўпчиликни қизиқтирган саволлардан бири айнан шу. Маҳсулотни сотиб олаётганда биринчи ўринда дўконларда унинг қандай сақланаётганлигига эътибор қаратиш керак. Колбасалар ҳажмига ва турига қараб савдо расталарида:
✅ 0°С дан 6°Сгача ҳароратда ва ҳавонинг нисбий намлиги 70-80 фоиз бўлган шароитда сақланиши ва сотилиши лозим.
✅ Қайнатилган колбаса маҳсулотларининг яроқлилик муддати олий нав учун – 72 соат, биринчи ва иккинчи нав учун – 48 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. (Полиамид пленка қобиғидаги сосиска ва сарделкаларнинг яроқлилик муддати 10 кундан ошмаслиги керак.)
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддасига асосан дори воситалари ва тиббий буюмларда, озиқ-овқат ва маиший кимё товарларида уларнинг ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати ҳамда уларни сақлаш шартлари кўрсатилган бўлиши лозим. Сотувчиларга ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ёки яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни қабул қилиш ҳамда реализация қилиш ман этилади.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА.
Давлат техник шартлари(ТУ)га асосан ўрта ҳисобда 100 кг. хом-ашёдан 77-82 кг. тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бунда 100 кг. колбаса маҳсулотлари учун турига қараб 25-50 кг. гўшт қўшилади.
Озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналарида аксарият озиқ-овқат маҳсулотларига сақланиш муддатини узайтириш ва мазасини яхшилаш мақсадида, асосан туз, ёғ, шакар, соя ва пальма ёғи каби қўшимчаларни қўшиш орқали ишлов берилади.
Шундай экан, маҳсулот сотиб олишда унинг таркиби ҳақидаги йўриқнома билан танишиш муҳим. Агар бештадан зиёд қўшимчани ўз ичига олган бўлса, уни ўта қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулоти, деб аташ мумкин.
— Харид қилинган колбаса маҳсулотлари сифатсиз чиқди, уни алмаштириш тартиблари қандай?
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига кўра, ўзига зарур сифатга эга бўлмаган товар сотилган харидор, агар нуқсонлар сотувчи томонидан айтилмаган бўлса, ўзининг танлашига кўра сотувчидан озиқ-овқат товарларига нисбатан харидор харид қилингандан кейин 24 соат мобайнида қуйидаги ҳуқуққа эга бўлади:
☑ айнан шундай товарга алмаштириши;
☑ харид нархини тегишли равишда қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда бошқа айнан шундай товарга алмаштириши;
☑ харид нархи мутаносиб равишда камайтирилиши;
☑ товарнинг нуқсонлари дарҳол бепул бартараф этилиши;
☑ товарнинг нуқсонларини бартараф этиш харажатлари қопланишини талаб этишга ҳақлидир.
Бунда харидор зарур сифатга эга бўлмаган товар сотилганлиги оқибатида ўзига етказилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.
Албатта, истеъмолчи назорат касса чекини тақдим этган ҳолда.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддасига мувофиқ, дори воситалари ва тиббий буюмларда, озиқ-овқат ва маиший кимё товарларида уларнинг ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати ҳамда уларни сақлаш шартлари кўрсатилган бўлиши лозим. Сотувчиларга ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ёки яроқлилик муддати ўтган товарларни қабул қилиш ҳамда реализация қилиш ман этилади.
12-моддасига мувофиқ, истеъмолчи ўзи сотиб олган товар (иш, хизмат) санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлишига ва унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Товар (иш, хизмат)нинг истеъмолчилар ҳаёти, соғлиғи, мол-мулки ва атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига доир талаблар қонунчилик билан белгиланади.
Агентлик ваколатлари доирасида мавжуд савдо комплекслари, деҳқон бозорлари ҳамда чакана савдо объектларида ўрганишларни ташкил этиб, истеъмолчиларни сифатли ва хавфсиз маҳсулот билан таъминлаш учун мунтазам равишда профилактик тадбирларни ўтказиш давом эттиради.
Истеъмолчилардан юқоридаги каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганларида Агентликнинг 1159 қисқа рақамига мурожаат қолдиришлари тавсия этилади.
14,934