“German Sparkassenstiftung for International Cooperation” ташкилоти вакиллари Сирдарё вилоятида
Германия ва Ўзбекистон давлатларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қандай меъёрий ҳужжатлар мавжуд? Мурожаатлар сони ва улар асосан қайси йўналишларни ташкил этади?
German Sparkassenstiftung for International Cooperation” ташкилоти томонидан Агентликнинг Сирдарё вилояти ҳудудий тузилмаси ходимлари учун ташкил этилган тренингда Никол Леончик томонидан ана шу икки давлатда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг молиявий соҳадаги ҳуқуқий саводхонлиги борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда уларнинг таҳлиллари ҳақида маълумот бериб ўтилди.
Хусусан, Германияда “Фуқаролик кодекси” меъёрий ҳужжати қабул қилинган бўлиб, унинг бир қанча бандлари яъни умумий қоидалар, бекор қилиш ҳуқуқи, масофадан сотиш, тасодифий шартномани бекор қилиш ва истеъмол кредити ҳақидаги қонун-қоидалардан иборат. Германияда бугунги кунда 16 та истеъмолчилар маркази, 26 та уюшма ва 9 та ёрдамчи аъзолар томонидан истеъмолчиларнинг энергия, истеъмол товарлари, хизматлар, телекоммуникация ва молиявий соҳадаги ҳуқуқ ва манфатлари ҳимоя қилинади. 2020 йилнинг ўзида 616 000та истеъмолчиларнинг ариза ва шикоятлари кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилишига эришилди.
Ўзбекистонда 1996 йил 26 апрелда Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган ва ўнга яқин норматив ҳужжатлар ҳам мавжуд. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва унинг вилоятларда фаолият юритаётган 14 та ҳудудий тузилмалари томонидан истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинади ва реклама бозори тартибга солинади. Агентлик бу соҳаларда ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқади ва унинг амалий ижросини таъминловчи ваколатли орган ҳисобланади. 2020 йилда истеъмолчиларнинг 37 036 та ариза ва шикоятлари ўрганиб чиқилди. Шунингдек, мамлакатимизда бу соҳада ННТ ва унинг ҳудудий бирлашмалари ҳам истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Тренинг қизиқарли маълумотларга бой бўлди, тадбир иштирокчилари билан ўтказилган амалий машғулотлар уларнинг молиявий соҳадаги кўникмаларини янада орттирди.
5,112