Стоматолог қўйган тиш қопламасидан мижоз изтиробга тушди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган “Dental servis” хусусий сервис клиникаси хизматидан норози бўлган истеъмолчининг шикояти келиб тушди. Гап шундаки, стоматолог К.С.маслаҳати ва тавсияси билан истеъмолчи цирконли қопламага буюртма беради ва жами 20 млн сўм пулни тўлайди. Тайёр тиш қопламасида битта тишнинг етишмаслиги, сифати ҳам кўнгилдагидек эмаслиги,устига устак тиш тайёрланган материал ҳам тузилиши жиҳатдан оддий пластмассага ўхшашлигини кўриб хайрон қолади.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА: Цирконли қоплама – бутун дунё бўйлаб стоматологлар томонидан қўлланиладиган протезлаш соҳасидаги сўнгги ишланма.Дизайни иккита элементдан иборат: циркон каркасли ва фарфор эмалли(ташқи қоплама учун).
Норози истеъмолчи янги тишларини тузатиш илтимоси билан бир неча бор мурожаат қилган, аммо шифокор ҳар сафар турли баҳоналарни рўкач қилиб, рад жавобини берган.
Мазкур мурожаат Агентликнинг Тошкент шаҳар ҳудудий тузилмаси томонидан ўрганиб чиқди. Улар мазкур клиникада бўлиб шифокор билан истеъмолчининг барча келтирган далилларини тинглашгандан сўнг масала ойдинлашди. Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, истеъмолчи хизмат кўрсатишни эркин танлаш ва керакли сифатга эга бўлиши, шунингдек, ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган хизмат шунингдек, ижрочининг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, қонунда кўрсатилганидек, ижрочи айрим турдаги хизматларни қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт.
Агентлик ходимлари томонидан юқоридагиларга асосланиб, “KOMOLZODA SERVIS”МЧЖга сифатсиз стоматология хизмат кўрсатилганлиги сабабли истеъмолчи тўлаган пулини қайтаришлари бўйича сўров хатини юборди.Кўп ўтмай истеъмолчининг муаммоси ҳал этилди, унга 20 млн сўмдан ортиқ маблағ қайтарилишига эришилди.
4,580