ИСТЕЪМОЛЧИ ҲУҚУҚИ
Бугун ушбу саҳифада Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бош мутахассиси Маҳлиё МАҲМУДОВА аёлларимизнинг байрам дастурхони тайёрлашида асқатадиган салат учун энг муҳим икки маҳсулот, яъни колбаса ва майонезни сотиб олиш ҳамда мабодо улар кўнгилдагидек чиқмайдиган бўлса, қайтариб бериш тартиблари ҳақида маълумот беради.
КОЛБАСАЛАР ҚАНДАЙ ТАНЛАНАДИ?
- Авваламбор, колбаса маҳсулотини харид қилишда сақлаш шароитларини текширишни унутманг. Aгар улар меъёрдаги ҳароратда сақланмай сотилса, маҳсулотнинг юқори сифати ва янгилигига таяниб қарор қабул қилиш ҳам тўғри бўлмаслиги мумкин. Колбаса сифатини тўғри аниқлаш учун уларни диққат билан текширинг. Янги колбасаларда қобиқ қийма гўштга маҳкам ёпишади, корпуси қуруқ, эластик, шилимшиқларсиз ва моғорсиз бўлади. Қобиғининг сифати маҳсулот ҳақида кўп нарсаларни англатади. Табиий қоплама юқори сифатли маҳсулотларда учрайди, сифати пастроқ маҳсулотда синтетик, полимер қадоқлаш кўпроқ ишлатилади. Колбаса маҳсулоти қўл теккизиб ўрганиб чиқилганда эластик ва қаттиқлиги ўртача даражада, лекин асосийси, кесилганда у мўрт бўлмаслиги лозим, чунки бу крахмалнинг ҳаддан ташқари кўплиги белгисидир. Aгар бутунлай юмшоқ бўлса, унда эҳтимол, колбаса асосан гўштдан эмас, балки ўсимлик оқсилидан (соядан) тайёрланган бўлади. Колбасада ҳиди ва таъми бузилган ёки нордонлик белгилари бўлмаслиги керак.
ҚАНДАЙ САҚЛАНГАНИ ЯРОҚЛИ?
Колбаса учун оптимал сақлаш шароитлари: ҳарорат 0-6 даража, намлик -75%.
Яроқлилик муддати нафақат сақлаш шароитларига, балки асосан колбаса тури ва озиқ-овқат қўшимчалари (консервантлар) миқдори билан боғлиқ.
Энг тез бузилувчи (тахминан 1 кунда) деб жигар ва қон ва қайнатилган колбаса (3 кунгача) ҳисобланади ва энг яхшиси деб 4 ойгача сақланиши мумкин бўлган, қаттиқ дудланган (пиширилмаган ва қуруқ қуритилган) колбасадир.
ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ!
Пиширилган дудланган колбаса ярим ой, ярим дудланган колбаса бир ой сақланади. Колбаса маҳсулотини витринада қуёш нурлари ва ёғингарчиликларнинг тўғридан-тўғри таъсирига учрайдиган ҳолатда, шунингдек, товарларни ёнма-ён сақлаш тартиби бузилган ҳолда сақлашга ва жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
ХАРИДДАН АВВАЛ…
Истеъмолчи хариддан олдин маҳсулотга тегишли ҳужжатлардан бири мувофиқлик сертификатини сўрашга ҳақли. Колбаса маҳсулоти ёрлиғида истеъмолчи танишиши учун зарур маълумотлар тақдим этилиши керак. Шунинг билан бир қаторда уларга белгиланган нарх-навоси ҳам қулай тарзда кўрсатиб қўйилиши шарт.
“МАЙОНЕЗ СИФАТСИЗ БЎЛСА АЛМАШТИРИШ УЧУН МУДДАТ БИР СУТКА”
- Майонезлар ёғ-мой маҳсулоти ҳисобланиб, ундан таомлар, пишириқ ва салатлар учун фойдаланилади. Бу маҳсулот одатда 150, 200 ва 250 граммда шиша, пластмаса ва махсус қоғозли идишларда қадоқланади. Майонезларни озиқ-овқат дўконларидан харид қилиш мақсадга мувофиқ. Танлаганда унинг сақланиш тартиб-қоидаларига эътибор қаратиш лозим. Бу маҳсулотлар қуёш нури тўғридан-тўғри, тик тушадиган, ёмғир таъсир қиладиган жойларда сотилиши ман этилади. Бундай шароитда сотилса, майонезларнинг таркиби бузилиши аниқ. Маҳсулотнинг бундай истеъмолга яроқсиз ҳолатга келишининг яна бир омили бор. Баъзи ишлаб чиқарувчилар томонидан унга белгиланган яроқлилик муддатини узайтириш мақсадида ортиқча қўшимчалар солишади. Бу эса ўз ўрнида инсон соғлигига зиён етказиши мумкин. Шунинг учун истеъмолчи майонез сотиб олаётганда товарнинг номи, қайси давлатга тегишлилиги, ишлаб чиқарувчи корхона, ёғлилик даражаси ва унга солинган консервантлар билан танишиши керак. Асосийси, майонез ёрлиғида ишлаб чиқарилган сана, сақланиш меъёри ва яроқлилик муддати кўрсатилган бўлиши ҳамда шунга амал қилинган ҳолда сотилиши шарт. Сифатли майонезнинг таъми ёқимли, қаймоқ мазали, тузи расо, шакар ва кислотаси меъёрида бўлади, улар табиий бўёқлар, қўшимчалар ва хантал билан бойитилади. Истеъмолга яроқсиз майонез маҳсулотини амалдаги тартиб-қоидаларга кўра, назорат касса чеки билан бир сутка давомида сифатлисига алмаштириш мумкин.
МУШТАРИЙЛАРГА МУРОЖААТ:
Агар савдо ва хизмат кўрсатувчилар қонунга хилоф равишда ҳуқуқларингизни поймол этишса, республиканинг қайси ҳудудида бўлишингиздан қатъий назар, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва “Даракчи” нашри ҳамкорлигида ташкил этилган “Истеъмолчи ҳуқуқи” лойиҳаси сизга ёрдамга келади. Бунинг учун сиз ҳафтанинг ҳар сешанба куни соат 10:00 дан 16:00 гача газетанинг (+998 95) 194-64-16 ва ҳафтанинг иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 гача Агентликнинг 1159 қисқа рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин. Фақат мурожаат қолдиришдан олдин “Истеъмолчи ҳуқуқи” лойиҳасига дейишни унутманг.
Моҳинур РУСТАМОВА тайёрлади
55,129