Гигиена ва парваришлаш воситалари турлича ва турфа хил. Терини тиниқлаштирувчи ва намлантирувчи воситалардан тортиб, шоколад ёки океан шабадаси ифорини тарқатадиган воситаларгача мавжуд. Маълумки, эркаклар ва аёллар учун гигиена маҳсулотлари бозори бутунлай фарқ қилади.Ҳақиқатан ҳам аёллар ва эркаклар тозаловчи ва терини парваришловчи воситаларида фарқ борми?
Эркаклар ва аёллар териси нима билан фарқ қилади?
Эркаклар териси кўплаб хусусиятларга эга бўлиб, улар аёлларга қараганда ўзгача қариш имкон беради. Биринчидан, эркаклар териси таркибида кўпроқ коллаген бўлганлиги сабабли, 25% га қалинроқ. Иккинчидан, эркаклардаги ёғ безлари фаолроқ бўлиб, бу табиий намланишга ёрдам беради. Бироқ, аёллардан фарқли равишда, эркакларда тери барча қавати қисқариб боради, маълум ёшдан бошлаб (40-50) эркаклар аёлларга нисбатан тезроқ қаришга мойил бўлади. Эркакларда қариш жараёни ёшлигиданоқ аста-секинлик билан кечади, аёлларнинг териси эса ҳаётнинг маълум бир даврига қадар қалинлиги ва намлигини сақлайди.
Маҳсулот таркиби
Савдо расталаридаги парваришлаш воситаларига назар ташлар экансиз, аёллар учун мўлжалланган тозаловчи воситалар таркибини эркакларникига ўхшаш ингредиентлардан ташкил топганлигини кўришингиз мумкин. Aсосан, намловчи элементлар – терида намликни сақлашга ёрдам берадиган глицерин, нефть асосли маҳсулотлар ва ёғлар ҳамда ҳуснбузарларга қарши фойдаланиладиган салицил кислотаси ва бензоил пероксид каби даволаш воситалари кенг тарқалган.
Aёллар маҳсулотларида эркакларникига қараганда кўпроқ ўсимлик ингридиентларини топиш мумкин. Асосий сабаб сифатида, аёлларнинг табиий таркибга эга маҳсулотларга кўпроқ эътибор бериши ҳисобланади. Бироқ, эркаклар бундай нарсаларни қадрламайди деб қатъий таъкидлаш мумкин эмас. Эътибор қаратган бўлсангиз, эркаклар маҳсулотларининг хусусиятлари соддароқ кўринишда бўлади, аслида эркаклар учун маҳсулотнинг фойдалилик жиҳатлари, унинг ташқи кўриниши ёки бошқа жиҳатига қараганда кўпроқ аҳамият касб этади.
Аёллар учун фақатгина табиий ёки ўсимлик асосли маҳсулот зарур деган фикр истеъмолчилар онгида умум шаклланган тушунча бўлиб, бу мажбурий шарт эмас.
Фарқ
Aаслида аёл ва эркаклар парваришлаш маҳсулотлари бир хил вазифани бажарадими? Эркаклар ва аёллар териси ўртасида фарқлар бўлишига қарамасдан, ушбу фарқлар терини парваришлаш усулига таъсир этадиган даражада кучли эмас. Охир-оқибат, кремларнинг таркиби тахминан бир хил ва уларни ишлаб чиқаришда асосан бир турдаги ингредиентлардан фойдаланилади.
Эркаклар ва аёллар учун ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг энг катта фарқларидан бири бу уларнинг ҳиди. Aёллар учун терини парвариш қилиш воситалари, шу жумладан тозаловчи воситалар гулли ёки ширин ҳидга эга, эркаклар учун тозалаш воситалари спорт билан шуғулланишда қўлланиладиган ёки ўткир ҳидли бўлади. Хушбўй ҳидларга қарамасдан, дерматологлар аллергия олдини олиш учун ҳидли кремлар ва шампунлардан фойдаланмасликни тавсия қиладилар.
Энди умумқабул қилинган тасаввурни бекор қиламиз. Маҳсулот эркаклар учун мўлжалланганлиги, аёллар уни ишлата олмаслигини англатмайди, агар сиз аёл киши бўлсангиз эркаклар учун мўлжалланган парваришлаш воситасидан бемалол фойдаланишингиз мумкин. Бироқ, сиз учун парваришлаш воситасининг хушбўй ҳиди муҳимроқ бўлса, унда сизга фақатгина қадоғида “аёллар учун мўлжалланган” деган ёзуви мавжуд восита зарур.
Юқорида айтилганидек, маҳсулот қадоғидан ташқари, аёллар ва эркаклар учун мўлжалланган тана ва сочларни парваришлаш воситаларининг асосий фарқи фақатгина уларнинг хушбўй ифоридадир. Албатта, аёллар ўртача эркакларга қараганда бундай маҳсулотлардан кўпроқ фойдаланишади (кунлик таҳминан икки баравар кўп), шунинг учун, косметика ишлаб чиқарувчи корхоналар сонини ҳисобга олган ҳолда, сизнинг диққатингизни жалб қилиш учун бозорда қаттиқ рақобат юзага келади.
Демак, охир-оқибат, сиз танлаган парваришлаш воситалари сизнинг терингиз, ёшингиз ва турмуш тарзингизга мос келиши керак, унинг эркаклар учун мўлжалланган “қўпол” қадоқда ёки аёллар учун ихчам ва чиройли қадоқда бўлиши таркиби жиҳатдан ҳеч қандай аҳамият касб этмайди.
73,589