Савол:
Кўпинча дори воситалари реклама қилинганда ноёб, энг самарали, энг хавфсиз деб мақталади, аммо қарши кўрсатмалар ҳақида бирон бир маълумот берилмайди.
Аслида дори воситалари рекламаси қандай берилиши керак?
Мутахассис жавоби:
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Тошкент вилояти ҳудудий тузилмаси бошлиғи Ўткир Ҳакимов.
Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 34-моддасида Дори воситалари рекламасида қуйидагилар бўлиши шартлиги белгилаб берилди.
Қуйидаги дори воситаларини реклама қилиш тақиқланади:
- Фақат шифокорнинг рецепти бўйича тарқатиладиган дори воситалари, таркибида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп ва (ёки) кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини;
- Ўзбекистон Республикасида тиббиётда қўлланиш учун рухсат этилмаган дори воситаларини, Соғлиқни сақлаш вазирлигида давлат рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини.
Дори воситаларини реклама қилишда қуйидагилар тақиқланади:
- таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши. Мазкур талаб фойдаланувчилари фақат тиббиёт ва фармацевтика ходимлари бўлган рекламага, тиббиёт ёки фармацевтика кўргазмалари, семинарлари, конференциялари ва бошқа шунга ўхшаш тадбирлар ўтказиладиган жойларда тарқатиладиган рекламага, шунингдек босма нашрларга жойлаштирилган рекламага нисбатан татбиқ этилмайди;олимларнинг, тиббиёт ходимларининг тавсияларидан, худди шунингдек алоҳида шахсларнинг миннатдорчилигидан, тавсияларидан ва реклама қилинаётган дори воситаларининг таъсири ҳақидаги ҳикояларидан иборат бўлган тавсиялардан фойдаланиш;
- касаллик (жароҳат) ва (ёки) дори воситаларининг инсон организмига таъсири натижасида инсон организмида юз берадиган ўзгаришлар тўғрисидаги видеолавҳадан, тасвирдан ёки визуал намойишдан фойдаланиш. Мазкур талаб таъсири клиник жиҳатдан тасдиқланган,
- инсон организмидаги дори воситасини қабул қилиш ёки истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган ва инсон организмидаги тасвирланаётган ўзгаришлар жараёни дори воситасининг инсон организмига клиник жиҳатдан тасдиқланган таъсирини аниқ кўрсатадиган ўзгаришлар ҳақидаги тасвирга ёки визуал намойишга тааллуқли эмас;
- дори воситаларини ҳаддан зиёд ва нотўғри ишлатишга ундаш;
- шифокор маслаҳатини олмасдан мустақил равишда даволаниш ёки жарроҳлик аралашувини амалга ошириш имконияти тўғрисида таассурот (ишонч) уйғотиш;
- дори воситалари муваффақиятли қўлланилганлигига доир муайян ҳолларга ҳавола қилинадиган реклама.
Рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рекламаси:
- дори воситасини ножўя таъсирлар мавжуд эмаслиги жиҳатидан ноёб, энг самарали, энг хавфсиз деб тақдим этмаслиги;
- дори воситасининг таркибига, келиб чиқишига, янгилигига ёки патентланганлигига нисбатан янглишишларга олиб келмаслиги;
- дори воситаси овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимча, косметик маҳсулот ёки гигиена воситаси ёхуд бошқа ҳар қандай турдаги товар эканлигини таъкидламаслиги;
- реклама таъсирини кучайтириш мақсадида бошқа дори воситалари билан нотўғри таққослашларга йўл қўймаслиги;
- мазкур дори воситасининг таъсири кафолатланганлиги тўғрисидаги тасдиқни ўз ичига олмаслиги;
- инсон саломатлиги дори воситасини қабул қилмаслик оқибатида ёмонлашиши мумкинлигини уқтирмаслиги керак.
Рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рекламаси ҳар бир ҳолда уларни қўллашга ва улардан фойдаланишга қарши кўрсатмалар мавжудлиги, қўллашга доир йўриқнома билан танишиш ёки мутахассислар маслаҳатини олиш зарурлиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши керак.
Дори воситаларининг рекламаси соҳасида рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш тақиқланади.
Тиббиёт ходимлари ва тиббиёт муассасалари учун мўлжалланган дори воситаларининг рекламаси дори воситалари тўғрисидаги илмий маълумотлар рўйхатига тўлиқ мос келиши ҳамда унда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:
- фаол модданинг номи;
- ҳар бир доза учун фаол модданинг миқдори (чиқарилиш шакли);
- ножўя ҳолатлар ва асосий номақбул таъсирлар;
- қарши кўрсатмалар, огоҳлантиришлар ва мазкур дори воситасини эҳтиёткорлик билан қўллаш керак бўлган ҳолларга доир ахборот;
- бошқа дори воситалари билан ўзаро таъсири;
- тегишли илмий манбаларга, шунингдек қўшимча ахборот олиш имконияти ва манбаига ҳавола;
- мазкур рекламадан фойдаланувчилар фақат тиббиёт ва фармацевтика ходимлари эканлиги тўғрисидаги ахборот.
Маълумот ўрнида. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги реклама муомаласи соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади. Агентлик реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини таъминлайди, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар беради ва унинг талаблари бузилганлиги ҳолатлари ва шу каби масалаларни аниқлайди.
65,165