Юртимизда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишига қарши курашиш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шулардан асосийси, бу шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш ва фуқароларнинг эҳтиёжсиз кўчага чиқишлари тақиқланиши. Бундай вазиятда уларнинг уй шароитида ва масофадан туриб турли маҳсулот (иш, хизмат)лардан фойдаланишга бўлган талаби ортиб бормоқда.
Ўз навбатида, ушбу жараёнда интернет ва ижтимоий тармоқларда дори воситалари ва тиббий буюмлар, биологик фаол озиқ-овқат қўшимчалари, антисептик воситалар савдоси, етказиб бериш хизматлари, электрон тўлов тизими ва бошқа шу каби маҳсулотлар рекламалари кўпайган.
Улар таҳлил қилинганда турли зарарли микроб ва вирусларни йўқ қилишда бирламчи ёрдам воситаси сифатида қўлланиладиган қўл учун антисептик воситалар рекламасида – “бактерияларни 99,9 фоиз йўқ қилади”, “антибактериальное”, “универсальный спрей АНТИСЕПТИЧЕСКИ, уничтожает бактерии 99,9%”, “Антисептик убивает 99,9% микробов”, “эффективно очищает кожу рук от бактерий на 99,9%”, “Антисептик 99,9% вирус, бактерия ва микробларни ўлдиради”, “защита на 99,9%” ва бошқа шу каби бўрттирувчи ва истеъмолчиларни чалғитувчи иборалар қўлланилган.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда бозорлар ва айрим савдо дўконларида ҳеч қандай сифат кафолатига эга бўлмаган ва таркиби номаълум компонентлардан иборат бўлган, шунингдек, қадоғида маҳсулот таркиби, ишлаб чиқарилган санаси, фойдаланиш (яроқлилик) муддати ва унинг ишлаб чиқарувчиси тўғрисида тўлиқ маълумот кўрсатилмаган “арзон-гаров антисептик воситалар” ҳам сотилаётганлиги ва аксарият ҳолларда бундай маҳсулотлардан фойдаланиш самарасиз бўлаётганлиги тўғрисида аҳолининг кўплаб эътирозли фикрлари қолдирилмоқда.
Шу муносабат билан ҳурматли истеъмолчилардан ўз ва яқинлари соғлигига бефарқ бўлмасликлари ҳамда саломатликларини кутилмаган хавфга қўймасликлари учун қўлни бактерия ва инфекциялардан тозалашда қўллаш учун ишончли маҳсулотлардан фойдаланиш, антисептик воситаларни сотиб олишда унинг ташқи кўриниши, таркиби, ишлаб чиқарувчиси ва яроқлилик муддатига эътибор қаратишлари сўралади.
Ўз навбатида, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ички бозорларда сотилаётган антисептик воситалар юзасидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун талабларига мослиги юзасидан қўшимча ўрганиш ишлари давом эттирилади.
#Уйда қолинг
81,738