Жорий йилнинг январь ойида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи В.Д.Краснов амал қилиш муддатида 20 донадан ортиқ харид қилган жетони қолиб кетгани ва ундан фойдаланишга улгурмагани бўйича мурожаат қилади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан “Toshkent metropoliteni” ДУКка сотиб олинган метро жетонлари эвазига пулни қайтариш бўйича сўровлар юборилганига қарамай, орадан бир неча ой ўтса ҳамки, масала ҳал этилмайди. Шундан сўнг Агентлик “Toshkent metropoliteni” ДУК билан истеъмолчиларнинг номуайян доирасини (жетонга эга бўлган фуқароларни) ҳимоя қилиш мақсадида иш олиб борди. Хусусан, 2022 йилнинг 16 мартида Агентлик ўз ваколати доирасида пул маблағларини истеъмолчига қайтариш ёки ўрнига QR-кодли чипталар кўринишида метрополитенда ҳаракатланиш учун амалдаги тўлов шаклларини ёки ягона транспорт карталарини жорий йилнинг 15 апрелидан бошлаб тақдим этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган буйруқни чиқарди.
Эслатиб ўтамиз, метро кассаларида жетонлар савдоси 2020 йил 1 ноябрида йўл ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилиши муносабати билан тўхтатилган эди. Бироқ кейинчалик жетонлардан фойдаланиш 2020 йил 31 декабргача, сўнг 2021 йилнинг 1 декабригача бўлган муддатларга рухсат берилди.
ҚОНУНГА МУВОФИҚ…
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига асосан товар (иш, хизмат)лар учун ҳақ тўлаш шакли ҳамда тартиби истеъмолчи билан сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Метрополитенда дастлаб жетонлар сотилган, истеъмолчи уларни сотиб олиб, битим тузган, яъни келишилган – оммавий офетани қабул қилган. Бироқ ушбу битим бугунги кунга қадар бир томонлама тартибда қолган, етказилган зарар эса қопланмаган.
Мазкур қонуннинг 12-моддасида Товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлиши таъминланмаганлиги оқибатида истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар ушбу Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ қопланиши лозимлиги белгилаб берилган.
Шунингдек, товарни қайтариб олиш, ишни бажаришни ва хизмат кўрсатишни тақиқлаб қўйиш муносабати билан истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 106-моддасига асосан жетон, патта ёки одатда қабул қилинган бошқа белги бериш йўли билан тасдиқланган битим, агар қонунчиликда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, оғзаки шаклда тузилган битим ҳисобланади.
Шартнома ўзгартирилган ёки бекор қилинган тақдирда, агар келишувдан ёки шартномани ўзгартириш хусусиятидан бошқача тартиб англашилмаса, тарафлар шартномани ўзгартириш ёки бекор қилишга келишган пайтдан бошлаб, шартнома суд тартибида ўзгартирилган ёки бекор қилинганида эса — суднинг шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирган пайтдан бошлаб мажбуриятлар ўзгартирилган ёки бекор қилинган ҳисобланади.
Юқорида келтирилганларга асосланиб ва амалдаги қонунчилика мувофиқ 2022 йил 15 март куни Агентлик томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши бўйича барча камчиликларни имкон қадар тезроқ бартараф этиш ва сотиб олинган жетонлар учун пул қайтарилиши, метрополитенда йўл ҳақини амалдаги шаклларини яъни жетон ўрнига QR-кодли чипталар тақдим этиш бўйича чора-тадбирлар кўриш учун мажбурий буйруғи қабул қилинди.
Агентлик кўмаги туфайли истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқлари тикланди – бугун Тошкент метрополитени жетонлар харид қилишини эълон қилди.
5,369