COVID-19 пандемияси даврида фармацевтика маҳсулотлари, хусусан турли хил БФҚ (БАД) маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш кескин ошиб бормоқда. БФҚ ЎЗИ НИМА?
БФҚ(Биологик фаол қўшимчалар) (https://www.lex.uz/docs/20326) – бу озиқ-овқат хом ашёсини қайта ишлаш йўли билан ёки сунъий усулда ҳосил қилинган ҳамда бевосита овқат билан бирга истеъмол қилиш ёки озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига қўшишга мўлжалланган табиий ёхуд табиийга айнан ўхшайдиган биологик фаол моддаларнинг концентратларидир. БФҚ озиқ-овқатга тегишли бўлиб, улар дори воситаси ҳисобланмайди.Улар қўшимча озуқа манбаи сифатида (озуқавий толалар, витаминлар, минераллар, аминокислоталар) рационни оптималлаштириш ва етишмовчиликларни баратараф этиш мақсадида истеъмол қилинади.
450дан ОРТИҚ МУРОЖААТЧИГА 33 МЛН СЎМДАН ОРТИҚ МАБЛАҒ ҚАЙТАРИЛДИ
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига таркиби “мўъжизавий” шифобахш хусусиятларга эга бўлган биологик фаол қўшимчалар рекламаси бўйича мурожаатларнинг келиб тушиши давом этмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида Агентлик томонидан фуқароларнинг 460 тадан ортиқ мурожаат кўриб чиқилди. Шунингдек, Агентлик томонидан ўтказилган мониторинг давомида биологик фаол қўшимчаларни сотиш соҳасида реклама қонунчилигини бузиш билан боғлиқ 495дан ортиқ ҳолат аниқланди. Харид қилинган маҳсулотга 33 млн 700минг сўмдан ортиқ маблағ Агентлик кўмагида истеъмолчиларга қайтарилди. Компаниялар томонидан БФҚга бўлган талабни ошириш ва кўпроқ аудитория эътиборини жалб қилиш мақсадида реклама сиёсатига катта маблағ сарфламоқда. Кўп нарсаларни ваъда берувчи турли БФҚнинг ёрқин реклама роликлари инсонларда ишонч уйғотмоқда. Бугунги кунда бундай рекламалар нафақат телеканалларда, балки интернетдаги кўплаб ижтимоий тармоқларни ҳам қамраб олган.
Агентлик томонидан сўнгги ўрганишлардан бири – “HELIX ORIGINAL” рекламаси бўлиб, унда касалликлар номи тилга олинади, БФҚ эса профилактик таъсир кўрсатувчи ёки даволовчи восита сифатда кўрсатилади. Рекламасида “ажойиб восита”, “остеоартрит ва бўғим оғриқларига стоп деб айтинг”, “бўғимлардаги оғриқ дарҳол йўқолиб тоғай ўз ҳолига қайтади”, “оғриқ қолдирувчи таъсирни таъминлайди” ва бошқа шу каби иборалар мавжуд бўлган роликларини томоша қилиш жараёнида инсонларда бу туйғулар пайдо бўлиши табиий.
Рекламаларда берилган БФҚнинг реклама қилинган хусусиятлари ҳақиқатга мос келадими? Агентлик ваколатли органларга хатлар юборди ва олинган маълумотларда “HELIX ORIGINAL” БФҚ сифатида рўйхатга олинган, реклама ролигида эълон қилинган хусусиятларга эгалиги истеъмолчиларни чалғитади яъни қўшимча дори воситаси ўрнини боса олади, деган ёлғон тасаввур пайдо бўлади.
Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига асосан, ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида реклама истеъмолчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши, унга зарар ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган нотўғри рекламалар берилиши тақиқланади.
Шунга ўхшаш «Доктор МОРЕдан ТОЗАЛАШ ТИЗИМИ» капсулалари БФҚ бўйича ҳам таҳлилий ўрганишлар ўтказилди. Реклама маълумотларининг бундай тақдимоти “Доктор МОРЕ” дори воситаси сифатида турли касалликларга шифобахш хусусиятларга эга, деган таассуротни уйғотади. Рекламаларда ҳам бўрттирилган сўзлардан фойдаланилади.
Бироқ реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кўра, реклама фаол қўшимчаларини доривор маҳсулот сифатида жойлаштиришга, шунингдек, маҳсулотнинг айрим сифатларини бўрттириб кўрсатишга йўл қўйилмайди.
“РЕКЛАМАНИ ЖОЙЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМ”га (https://lex.uz/docs/498793) мувофиқ (Адлия вазирлиги 1024-рўйхат рақами, 06.04.2001 йил) биологик фаол озиқ-овқат қўшилмаларини реклама қилишда:
а) улар дори-дармон воситалари эканлиги ва (ёки) даволаш хоссаларига эгалиги тўғрисида тасаввурни ҳосил қилмаслиги;
б) кишиларни шифо топганлиги, уларни қўллаш натижасида беморларнинг аҳволи яхшиланганлиги аниқ ҳолатларини далил қилиб келтирмаслиги;
в) уларни қўллаганлиги муносабати билан жисмоний шахсларнинг билдирган миннатдорчиликларини ўз ичига олмаслиги;
г) соғлом овқатланишдан бош тортишга ундамаслиги;
д) тадқиқотлар, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида далилларга хавола қилиш, шунингдек бошқа тадқиқотларнинг натижаларидан уларни қўллашга очиқдан-очиқ тавсия шаклида фойдаланиш йўли билан уларнинг афзалликлари тўғрисида тасаввурни ҳосил қилмаслиги керак.
Ҳурматли истеъмолчилар, ўзбошимчалик билан даволанманг, соғлигингизга ғамхўрлик қилинг, биологик фаол қўшимчаларини фақат профилактика мақсадида қабул қилинг. БФҚни қабул қилишдан олдин албатта шифокор билан маслаҳатлашинг.
5,266