Алоқа хизматлари бозоридаги юқори рақобат туфайли, мобил алоқа компаниялари анъанавий хизматлар кўрсатиш билан бирга даромад олиш мақсадида қўшимча хизматларни кўрсатишга ҳам ҳаракат қилади.
Турли манбаларга кўра, мобил алоқа компанияларининг овозли қўнғироқлар ва хабарлар жўнатиш хизматидан тушумлари борган сари камайиб бормоқда. Шунинг учун, улар мижозлар учун янги хизматларни жорий этишмоқда, телевизион ва мусиқий контент тақдим этиш, мобил иловалар ва мобил тижоратдан фойдаланиш, бир сўз билан айтганда VAS хизматларини (қўшимча қийматга эга хизматларни) кўрсатиш компаниялар учун даромад топишнинг яна бир йўли сифатида хизмат қилмоқда.
Мобил алоқа хизматлари кўрсатувчи компаниялар стандарт овозли қўнғироқлар ва факсли узатмалардан ташқари SMS, MMS ёки WAP орқали мобил телефонга етказиладиган “Қўшимча қийматга” эга ахборот-кўнгилочар хизматларни тақдим этади. VAS хизматларига мусиқа ва видеоклиплар, онлайн ўйинлар, янгиликлар, SMS орқали танишиш ва пул викториналари киради. Хизматлар одатда махсус қисқа код ёрдамида учинчи томон – контент-провайдерлар (CP) томонидан тақдим этилади.
ҚЎШИМЧА ХИЗМАТ УЧУН ТЎЛОВЛАР одатда тўғридан-тўғри абонентнинг мобил ҳисобидан ечиб олинади.
Хизматларнинг 2 тури мавжуд:
- Бир марталик харид – сиздан хизмат учун сўров бўйича бир марталик тўлов олинади.
- Обуна хизмати – сиздан маълум бир вақт учун ёки ҳар бир пост/контент учун тўлов олинади. Обуна хизматлари одатда обунани бекор қилгунингизча автоматик равишда янгиланади.
Ҳурматли истеъмолчилар, ушбу хизматга обуна бўлишдан олдин, хизматнинг бош саҳифасида қуйидаги маълумотлар кўрсатилганлигини аниқланг:
1) Хизмат нархи – сиз юборган ёки қабул қилган ҳар бир SMS нархи.
2) Хизмат давомийлиги – хабарларни қайси муддат ичида қабул қилишингиз.
3) Хизматни бекор қилиш – хизматни бекор қилиш ва тўхтатиш бўйича кўрсатмалар.
4) Контент-провайдер билан алоқага чиқиш маълумотлари – компаниянинг тўлиқ номи, манзили шунингдек ишонч телефонининг рақами.
Сўнгги пайтларда юртимизда контент-провайдерлар томонидан турли хил викториналар ва бошқа пуллик хизматларга уланишда истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига абонентларнинг розилигисиз (уларнинг билдиришисиз) пуллик хизматларга, шу жумладан контент-провайдерларга автоматик уланиб қолиш борасида мурожаатлар келиб тушмоқда. Контент-провайдерларнинг ушбу ҳаракатлари “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасини, шунингдек телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидаларининг 149-бандини тўғридан-тўғри бузилиши ҳисобланади.
БУ МУҲИМ:
1) Ҳар қандай алоқа хизматига уланишдан олдин тўлов ва хизматларнинг шарт ва қоидаларига тушунганингизга ишонч ҳосил қилинг.
2) Нотаниш ёки шубҳали SMS-хабарлардан иборат бўлган хизматга обуна бўлманг.
3) Интернетдаги шубҳали баннерларни ёки “Соврин ютдингиз” қабилидаги SMS-хабарлардаги ҳаволаларга кирманг.
4) Нотаниш ёки шубҳали веб-саҳифаларга мобил телефон рақамингизни киритманг, мисол учун, саҳифада “Сизнинг телефонингизда вирус бор” деган хабар пайдо бўлса ва уни ўчириш учун телефон рақамингизни киритиш зарур бўлса, асло рақамингизни киритманг.
5) Сизни фишинг сайтларига олиб бориши мумкин бўлган рекламалардан эҳтиёт бўлинг (бу асл нусхадан тўлиқ ёки қисман кўчирилган, лекин оригинал бўлмаган сайт).
6) Расмий Google Play Store ёки Apple App Store ташқари учинчи томон дастурларини ўрнатишда эҳтиёт бўлинг.
7) Учинчи томон дастурларига телефонингиздан SMS хабар юбориш учун рухсат беришдан бош тортинг.
8) Сизга обуна бўлмаган ёки фойдаланмаган хизматлар учун ҳақ олинмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун SMS-хабарларни ва телефонингиз ҳисобини мунтазам равишда ва синчковлик билан текшириб туринг. Оила аъзоларингизга (айниқса ёш болаларга) хизматларга уланиш учун тўловлар бўлиши мумкинлигини тушунтиринг.
Телекоммуникация хизматлари соҳасида сизнинг истеъмолчилар ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда, бу ҳақида ваколатли назорат органларига хабар беришингизни ёки Aгентликнинг 1159 ишонч телефони орқали боғланишингизни сўраймиз.
67,605