Мутахассислар фикрича, аксарият мамлакатларда инфляция ортиб бораётганлиги сабабли озиқ-овқат ва энергия нархлари ошиб бормоқда. Масалан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти мамлакатларида йиллик инфляция ўсиши 2022 йилнинг биргина май ойида 9,2% дан 9,6% гачани ташкил этган бўлиб, 1988 йил августидан буён энг кескин ўсиш ҳисобланади.
Бозор иқтисодиёти шароитида давлат бозордаги нарх сиёсатига аралашмайди. Аммо шунга қарамай, кўплаб мамлакатлар савдонинг айрим соҳаларида нархларни пасайтириш ёки ушлаб туришга қаратилган вақтинчалик чораларни қўллайдилар.
Хўш, давлат томонидан айрим товарлар нархини тартибга солишнинг халқаро тажрибаси нимани кўрсатади? Бу йўналишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат органларининг ўрни қандай? Бу саволга Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бош мутахассиси Нилуфар БОБОЖОНОВА тақдим этган таҳлиллардан жавоб топамиз…
АҚШда нарх сиёсати билан Федерал Савдо Комиссияси ва AҚШ Aдлия вазирлигининг Антитрест бошқармаси томонидан амалга оширилади. Давлат томонидан нархларнинг фақат 5-10% давлат томонидан тартибга солинади. Тартибга солишнинг бевосита ва билвосита усулларини қўллайди, бу билан эса давлат талаб ва таклифга таъсир қилади.
Федерал Савдо Комиссияси таркибида фаолият юритувчи истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бюроси нархларни назорат қилмайди, аммо нархлар мониторингини олиб боради.
Бельгия
Белгия қонунчилигига биноан нархларни ушлаб туриш учун меъёрий ҳужжатларга асосан нархларнинг юқори чегараси, яъни товарлар ва хизматларнинг максимал сотиш нархи белгиланади. Иқтисодий ишлар вазирлиги томонидан давлат, жамоат ташкилотлари ва тадбиркорлар вакилларини ўз ичига олган Нархларни тартибга солиш қўмитаси билан дастлабки келишувдан сўнг нархларни белгилаш ҳуқуқига эга.
Савдо айланмасидан қатъи назар, корхона қуйидаги маҳсулотлар нархларни олдиндан келишмасдан ошириш ҳуқуқига эга эмас:
газ ва электр энергияси;
сув таъминоти;
нефть маҳсулотлари;
чиқиндиларни қайта ишлаш маҳсулотлари;
қарияларга хизмат кўрсатиш;
суғурталашнинг кўпгина турлари;
беморлар томонидан тўланмаган дори-дармонлар;
автотранспорт воситалари;
юк кўтариш қуввати 3,5 тоннадан кам бўлган трейлерлар.
Белгияда истеъмолчилар сиёсати учун иқтисодиёт, кичик ва ўрта бизнес, ўз-ўзини банд қилувчи фуқаролар ва энергетика бўйича Федерал давлат хизмати (ФДХ) масъул ҳисобланади. Ушбу хизматда нархлар бўйича маълумотларни тўпловчи, соҳалар кесимида ва бозорни таҳлил қиладувчи бўлим фаолият олиб боради. Йиғилган маълумотлар кейинги чоралар учун ҳукуматга етказилади.
Хитой
Хитой нархларни босқичма-босқич тартибга солиш билан ажралиб туради. Хитойда асосий маҳсулотлар нархлари аста-секин ва кичик фоизга ошиб боради. Нархларни тартибга солишнинг босқичма-босқич усули мамлакат ялпи ички маҳсулотини ўртача инфляция суръатларида ошириш ва шу билан иқтисодий ўсишга эришиш имконини берди.
Хитой истеъмолчилар уюшмаси истеъмолчилардан келиб тушган шикоятлар асосида фирма ёки тегишли органларга нархни пасайтиришни сўраши мумкин.
Швеция
Фуқаролик администрацияси вазирлигига бўйсунувчи Нархлар ва рақобат бўйича давлат бошқармаси нархларни доимий равишда назорат қилади. Швецияда нархларни қандай тартибга солиш усулларини танлаш инфляция – пулнинг қадрсизланиш даражасига ва мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига боғлиқ. Таъсирнинг истисно шакли жанговар ҳаракатлар содир бўлганда ёки улар юзага келганда, нархларнинг сезиларли даражада ошиши туфайли қўлланиладиган нархларни “музлатиб” қўйиш мумкин.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида, давлат институционал тузилмалари фермер хўжаликларининг манфаатлари ҳимоя этиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотларининг энг муҳим турлари:
тухум;
сут;
гўшт;
дон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари;
қишлоқ хўжалиги хом ашёсининг харид нархларини белгилайди.
Шу муносабат билан, ҳукумат ҳар йили фермерлар уюшмалари ва истеъмолчилар иштирокида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини шакллантириш бўйича музокаралар олиб боради.
Швеция истеъмолчилар агентлиги нархларни мониторинги ёки назоратини амалга оширмайди.
Малайзия
Малайзия ички савдо ва истеъмолчилар билан ишлаш вазирлиги масъулиятсиз сотувчиларнинг спекуляцияга (чайқовчилик) асосланган фаолият ва нарх манипуляциясига қарши курашиш учун савдо ва хизматлар солиғини қўллайди. Ушбу қоидалар сотувчилар устидан назоратни фақат истеъмолчиларга сотиладиган ҳар бир товар ёки хизматдан юқори даромад олмасликни кафолатлаш учун белгиланади. Спекуляцияни аниқлаш учун товар ва хизматларга фоизларни белгилаш механизми қўлланилади.
Агар жорий йил давомида ҳар қандай санадаги фарқ фоизи маълум бир йилнинг биринчи кунида белгиланган фойда фоизидан ошса, сотувчи спекулятор (чайқовчи) ҳисобланади. Aгар фойданинг фоизи хақиқатда ошган бўлса, сотувчи Вазирликка буни асослаб бериши ва нархларнинг ошиши сабабларини тушунтириши керак.
Норвегия
Иқтисодий вазиятга қараб, Норвегия давлати давлат томонидан нархларни тартибга солишнинг турли усулларини қўллайди. Масалан, нархларни минимал ва максимал даражасини белгилаш, чегирма, устама ва максимал фойда даражасини ҳисоблаш тартибини аниқлаш ёки нархларни музлатиш ҳамда нархларга таъсир қилишнинг бошқа усуллари каби бўлиши мумкин.
Ҳукумат:
дори-дармонлар; кимёвий ўғитлар; цемент, гўшт;
маргарин ва сут каби товарлар турлари учун нарх чегараларидан фойдаланади.
Норвегия истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги нархларни назорат қилмайди, лекин нарх ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этилишини (нарх маркетинги) мониторинг қилади.
Австралия
Aвстралияда давлат муҳим товарлар нархини тартибга солади.
Парламент:
телефон, телеграф ва темир йўл тарифлари;
почта тўловлари;
тамаки, тамаки маҳсулотлари;
туз нархларини белгилайди.
Бундан ташқари, муҳим ва ижтимоий товарлари ҳам тартибга солинади:
давлат қора металлар парчалари ва чиқиндилари;
электр энергияси, газ, иссиқлик таъминоти;
фармацевтика хом ашёси ва дори-дармонлар нархларининг тахминан 10% ни тартибга солади.
Шу билан бирга, маҳсулот нархи ва унинг жамият учун аҳамияти тўғрисида олинган маълумотлар нуқтаи назаридан ўзгарувчан (вариатив) чора-тадбирлар амалга оширилади.
Масалан, Иқтисодиёт вазирлигига ҳар қандай маҳсулот ёки хизмат учун 6 ойгача нархларни тартибга солишга рухсат берилган. Бу ҳуқуқ тадбиркорлар томонидан фойдаланилаётган ишлаб чиқариш омиллари нархлари пасайтирилганига қарамай, якуний маҳсулот нархларини пасайтирмаган ёки бир ёки бир нечта хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нархлар асоссиз равишда оширилган ҳолларда берилади.
Aвстралиянинг рақобат ва истеъмолчилар комиссияси (ACCC) авиачипталар, алоқа, энергия, ёқилғи, суғурта, почта, темир йўл чипталари, сув, юк ташиш, буғдой экспорти нархларини кузатиб боради ва мониторинг ҳисоботлари ҳукуматга тақдим этилади.
Амалга оширилган таҳлиллардан келиб чиқиб, аксарият мамлакатларда давлат бозордаги нарх сиёсатига фақат зарур ҳолларда таъсир чораларини (“тавсия этилган” шунингдек, максимал даражали нархларни белгилаш, нархларни “музлатиш”, айрим маҳсулотларини импорт қилишни чеклаш каби чоралар) кўради, дея хулоса қилиш мумкин. Мазкур чоралар бозордаги ҳолат барқарорлашгунга қадар вақтинчалик ҳисобланиб, улар асосан ижтимоий муҳим аҳамиятга эга бўлган товар ва хизматларга нисбатан қўлланилади.
23,384