Агентлик томонидан барча манбаалар орқали жойлаштирилган рекламаларнинг қонунчилик талабларига мослиги юзасидан доимий ўрганиш ва кузатувлар амалга оширилади.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 40 мингдан ортиқ ўрганишлар ўтказилган бўлиб, шундан 13 минга яқин ҳолатда турли камчиликлар аниқланган ва уларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилди.
Хусусан, қонунда дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар рекламасида таниқли шахслар, тиббиёт ходимлари иштирокидан фойдаланиш ман этилади. Шунингдек, дори воситасини ноёб, энг самарали, энг хавфсиз деб тақдим этиш мумкин эмас. Биологик фаол қўшимчалар рекламасида эса уларни даволаш хусусиятларга эгалиги ҳақида маълумот бериш, фуқароларнинг миннатдорчилигини кўрсатиш ва уларни дори воситаларига нисбатан афзаллиги ҳақидаги таассуротни юзага келтириш тақиқланган. Агентлик томонидан мазкур йўналишда ўрганилган рекламаларнинг 647 тасида камчиликлар аниқланди ва бартараф этилди. Шу ўринда алоҳида эътироф этиш керакки, бу мавзу бўйича ўрганишларимизда «Mahalla» газетаси билан ҳам самарали ҳамкорлик қилинди.
Шуниндек, 50 дан ортиқ тотализатор ва букмекерлик рекламасини ноқонуний равишда юритувчи сайтларга кириш мутасадди идоралар орқали чеклаб қўйилди. Бу соҳадаги ишлар давом этмоқда.
“Реклама тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун билан энергетик ичимликлар рекламасига доир қўшимча талаблар ўрнатилган бўлиб, эндиликда ташқи реклама ва ахборот объектлари орқали жойлаштиришга йўл қўйилмайди. Мазкур талабларга риоя этилиши юзасидан биргина октябр-ноябр ойларида республика буйлаб ўтказилган 1520 та мониторинг тадбирларнинг 472 тасида камчиликлар аниқланди.
Янги таҳриридаги қонунга бир қанча ўзгартиришлар киритилиб, истеъмолчи ҳуқуқ ва манфаатлари бирламчи ўринга чиқарилди. Ундаги энг муҳим янгиликлардан бири эса, эндиликда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилади ва реклама мазмунининг таржимаси қўшимча равишда бошқа тилларда такрорланиши мумкин. Аммо янги таҳрирдаги қонун талаблари реклама характеридаги маълумотларни ўз ичига олмаган ахборот воситалари, яъни пешлавҳа, пештахта кўрсаткичларига нисбатан татбиқ этилмайди ҳамда пешлавҳалардаги ёзувлар тили ва имловий хатолар мазкур қонун билан тартибга солинмайди. Шунга қарамай, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан ҳудудлардаги ташқи ахборот ёзувларининг давлат тилидаги қонунчилик талабларига мослиги юзасидан тизимли равишда ўрганишлар ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, 39 215 та объектда ўтказилган шундай ўрганишлар давомида уларнинг 11 555 тасида хато ва камчиликлар аниқланган.
“Реклама тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, тегишли мукофот фонди мавжуд бўлмаган ҳолда рағбатлантирувчи акцияларни ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига “Омадингизни берсин” телеўйинида ютган, аммо қиматбаҳо ютуқларини олиш имкони бўлмаётгани юзасидан иштирокчилардан мурожаатлар келиб тушмоқда. Ўтказилган ўрганишлар иштирокчиларнинг умумий ютуқлари 2 миллиард сўмни ташкил этаетганини курсатмоқда. Мазкур телеўйин бўйича муаммолар ижтимоий тармоқларда ҳам кескин муҳокамаларга сабаб бўлган. Мурожаатларда телекўрсатувларда иштирок этиб, ютиб олган телефон, мебель, йирик маиший техника жиҳозлари, тилла ва автомашиналарини ини билдирганлар.
Истеъмолчиларга ваъда қилинган жами 2 млрд сўмлик ютуқлар ўз вақтида топширилмаганлиги ҳолати бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.
Хулоса қиладиган бўлсак, бу борадаги қонунлар ижроси таъминланишида ҳар бир юртдошимиз фаол иштирок этишиини истардик. Зеро, аҳолининг истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамоатчилик назоратини ошириш муҳим ҳисобланади.
Моҳрухсор ТОҒАЕВА,
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари.
15,479