Бугунги кунда олди-сотди шартномаси тузаётганда квартиранинг эгаси, аввалгидек, тегишли хизматлардан қарзларининг йўқлигини тасдиқлаш учун маълумотномалар тўплашга идорама-идора югуришга ҳожат йўқ. Бундай жараёнлар аллақачон ўтмишда қолган.
Нотариус солиқлар, коммунал ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича маълумотларни «Нотариус»нинг автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланиб олиш имконияти мавжуд.
Лекин Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига ўзлари билмаган ҳолда қарзлари бўлган квартирани сотиб олган ва уларнинг кўпчилигида катта миқдордаги қарзлари бўлган фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
ХОНАДОННИНГ ЯНГИ ЭГАСИ АВВАЛГИ ҚАРЗЛАР УЧУН ЖАВОБГАРМИ?
Қарздорлик вужудга келган тақдирда шартнома тузишда солиқлар, коммунал хизматлар ва электр энергияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимида тақдим этилган қарзлар тўғрисидаги маълумотлар тўғрисидаги шартнома бандига асосан уй-жой сотиб олувчи харидор тўлов учун жавобгар бўлади. Шу сабабли уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ходимлари шартноманинг ушбу бандига асосланиб, квартиранинг янги эгасидан уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш қарзини тўлашни талаб қилишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг2017 йил 27 февралдаги “Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 106-сонли қарорининг 14-бандига кўра, «Нотариус» ААТга ишончсиз ва бузиб кўрсатилган маълумотлар тақдим этган шахслар жавобгар бўладилар.
БУНДАЙ ВАЗИЯТДА ИСТЕЪМОЛЧИ ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТИШИ КЕРАК?
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан 2021 йилнинг август ойида Тошкент шаҳар Чилонзор туманининг 5-мавзесидан квартира сотиб олган фуқаронинг навбатдаги мурожаати кўриб чиқилди. Хусусан, 2 ойдан сўнг истеъмолчига «Тошиссиққуввати» ДУКнинг иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти учун 13 млн 894 минг 825 сўм (деярли 20 йил давомида) қарз ҳисобланганлиги тўғрисида хабар берилади. “Қарздор”нинг қайта-қайта мурожаатлари ижобий натижа бермади. Сабаби олди-сотди амалга оширилгач, битимдан сўнг аниқланган барча коммунал қарзларни ҚОПЛАШ МАСЪУЛИЯТИНИ ХАРИДОР ЎЗ ЗИММАСИГА ОЛИШИ белгилаб қўйилган.
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”гии Қонунга асосан (19-модда) ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт. Шунингдек, (21-модда) сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас. Агентлик томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланди. «Тошиссиққуввати» ДУК томонидан иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти учун 13 млн сўмдан ортиқ асоссиз қарз ҳисобдан чиқарилди.
13,526